Янгиликлар 1414
Масъулият ва жавобгарликга даъват
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасини том маънода ҳар бир соҳадаги янгиланиш учун муҳим қадам дейиш мумкин. Боиси, унда илгари сурилган вазифалар энг аввало, халқимиз турмуш тарзини, яшаш шароитларини яхшилашга қаратилгани, бу борада айниқса ёшлар зиммасидаги масъулият алоҳида аҳамиятга эканлигига урғу берилган.
Сир эмаски, юртимизда сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан кўплаб қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Мурожаатномада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Сиёсий майдонда халқчил ва ҳаётий ғоялари билан тобора ўз ўрни ва обрўсига эга бўлиб бораётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг сайловолди дастуридаги аҳоли фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган кўплаб ғоялар бугун ушбу Мурожаатномада акс этиши партиянинг халқимиз фаровонлиги йўлида ўз олдига аниқ мақсадлар белгилаганлигининг яна бир исботи десак муболаға эмас.
Ҳусусан, суд-ҳуқуқ тизимидаги камчиликларни бартараф этиб, соҳани такомиллаштириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Бунда, энг аввало, фуқароларимиз манфаатларини хар жиҳатдан устун қўйиш принципи яна бир бор эслатиб ўтилди. Масалан, суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизнинг суд биноларида сарсон бўлмаслиги, балки онлайн тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилиши ва ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб боришини таъминлаш илғор мамлакатлар тажрибаларига ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир. Айни пайтда бу тажриба бюрократик сансалорликларнинг ҳам олдини олади.
Шу билан бирга, мурожаатномада юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилиниши минглаб юртдошларимиз қалбларини тўлқинлантириб юборди.
Бир сўз билан айтганда, Мурожаатнома мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, маънавий-маърифий юксалишнинг аниқ йўлларини белгилашда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Додар ДОЛМУРОДОВА,
партия фаоли
Фикрингизни қолдиринг