Янгиликлар 2699
Масъулиятни ҳис этиб яшаш керак
Куни кеча муҳтарам Президентимиз коронавирус пандемиясини енгишда халқимизга мурожаат билан чиқди. Мурожаатни тинглар эканман, раҳбар сифатида ўзимда чуқур масълиятни ҳис қилдим. Барчамизга сир эмас, Ўзбекистон айни пайтда синовли кунларни бошдан ўтказмоқда.
Ўзбекистон бу йўлда барча имкон кучларини сафарбар этмоқда. Тезкорлик билан кўрилаётган чоралар, ҳукумат қарорлари, карантинда сақланаётган фуқаролар учун кўз ўнгимизда шиддат билан қурилаётган касалхоналар касалликни бартараф этиш учун бўлган чора-тадбирлар эканлигини барчамиз кузатиб турибмиз.
Пандемияга қарши мустаҳкам ҳимоя, бу жараёнда устуворлик, карантин қоидаларига жиддий амал қилиш ва ўзаро масофа сақлаш орқали коронавируснинг занжирли реакциясини кесиш мумкин.
Айтиш жоизки, бугун дунёнинг барча минтақаларида миллионлаб одамлар ўзларининг турмуш тарзи тубдан ўзгариб кетганига гувоҳ бўлиб туришибди. Юзага келган вазиятда вирус тарқалишини камайтириш ва унинг олдини олиш учун барча давлатлар томонидан қатъий чора-тадбирлар кўрилиши талаб этилади. Бу хавфли касалликни енгиш йўлида давлат органлари ва соғлиқни сақлаш тизимлари томонидан кўрилаётган тадбирларда аҳолининг барча қатламлари ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этиши жада муҳимдир.
“Бу масаланинг менга алоқаси йўқ”, - деб ўйлаш мутлақо хатодир. Ўз вақтида керакли чора-тадбирларнинг кўрилаётганлиги пандемияга қарши курашга таъсирини кўрсатиши аниқ. Агар барчамиз бир тану бир жон бўлиб, Президентимиз мурожаатига “лаббай” деб, ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигига алоҳида эътибор қаратсак, биз бу оғир ва мураккаб вазиятдан шараф билан чиқишимиз мумкин.
Бугун инсоният катта синовни бошдан кечирмоқда. Қонуний тартиблар қатъий ўрнатилгани билан, ҳамма гап одамларнинг онгли равишда тўғри қарор қилишида қолади. Барчаси жамоавий хавфсизлик учун ўз шахсий масъулиятни ҳис этиш ва виждонан ҳаракат қилишимизга боғлиқ.
Келинг, кичкина масъулиятсизлик туфайли халқ ҳаёти ва саломатлигини хавф остига қўймайлик.
Рустам ҲАМРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг