Матбуот анжумани: Хоразмдаги онкологик ислоҳотлар журналист ва блогерлар нигоҳида

17.12.2022 09:12:06

Хоразм вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Кенгашлар уйида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий – амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиали, «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши ҳамда вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида Хоразм вилояти аҳолисига онкологик хизмат кўрсатиш бўйича йиллик қилинган ишлар ҳисоботига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманига вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогер ва журналистлар, онкологлар, тиббиёт ходимлари, Сенаторлар, доимий комиссиялар раислари ҳамда «Адолат» СДП фаоллари ва депутатлар иштирок этишди.

Анжуманни вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанова кириш сўзи билан очиб берди. Унда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий – амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиали томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳага қаратилган эътибор ва берилган имкониятлар хусусида гапирилди.

Шундан сўнг филиал томонидан жорий йилда олиб борилган ишлар хусусида филиал директори Тоҳир Палвановнинг ҳисоботи слайдлар орқали иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Жумладан, депутатлар ва вилоят ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши натижасида ҳудудий филиалга чет мамлакатларда ишлаб чиқилган замонавий, қимматбаҳо тиббиёт асбоб-ускуналарнинг олиб келиб ўрнатилгани, шунингдек, филиалнинг 20 нафардан зиёд шифокорлари чет мамлакатларга бориб тиббий малакасини ошириб келгани ва бошқа эришилган ютуқлар айтиб ўтилди.

Таъкидланишича, бутун дунёда онкологик касалликлар инсон саломатлигига бевосита таъсир кўрсатадиган асосий тиббий-ижтимоий муаммолардан бири ҳисобланади. Хоразм вилоятида саратон касаллигининг асосан сут бези, ошқозон, бачадон бўйни, бош мия ўсмалари каби турлари учраб туради.

Бугунги кунда вилоятда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология маркази Хоразм вилоят филиалининг 100 ўринга мўлжалланган стационар ва 150 қатновли маслаҳат поликлиникаси томонидан ихтисослаштирилган онкология фаолият олиб бормоқда.
Айни вақтда ҳудудий муассасада деваланаётган беморлар сони ўртача 145-150 нафарни ташкил қилади. Шу сабабдан филиалнинг стоцианар фаолияти 150 ўринга мўлжаллаб қайта ташкил этилмоқда. Айтиш жоизки, ушбу филиал аҳолига сифатли онкологик хизмат кўрсатиш бўйича Республикамизда етакчи ўринларда туради.

Фарохат Садуллаева, Сенатор:

Ҳозирги кунда энг долзарб бўлган масалалардан бири онкологик касаллигининг дунё бўйлаб яшариб бориши ҳеч кимга сир эмас. Демак, бу муаммо соҳа вакилларидан жуда катта масъулият талаб этади. Мен депутат ва оддий фуқаро сифатида вилоят онкология жамоасига ҳурматим чексиз. Муассаса етакчиси Тохиржон Палвановнинг жонкуярлиги билан ҳамжиҳатликдаги жамоа бир куч бўлиб, давлатимиз томонидан берилган имкониятлардан ташаббускорлик билан самарали фойдаланиб, воҳа аҳолисига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.

Солияжон Раҳимберганова, «Хоразм ҳақиқати ва Хорезмская правда» газеталари бош муҳаррири, журналист:

-Соҳа раҳбарининг касбий маҳорати ва катта тажрибаси соҳани ривожланишига замин яратади. Хоразм вилоят Онкология жамоасининг ҳар бир аъзоси жонкуяр ва фидойилиги билан доим эътиборимни тортиб келган. Бу албатта,  раҳбарнинг тизимини тўғри ва одилона бошқариб бораётганлигининг далолатидир. Жамоа аъзоларининг ширин сўзлиги, муассасага ташриф буюраётган аҳолига кўрсатилаётган меҳр-оқибати ва кўрсатилаётган хизмат сифати, фуқароларимизнинг эътирофи ва розилигига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, анжуман давомида вилоятнинг чекка қишлоқларида яшаётган «Темир дафтар» , «Аёллар дафтари» рўйхатида турган онкологик ва бошқа ўсимта касалликлари билан қийналиб келаётган беморларнинг туман тиббиёт марказларининг ўзида филиал директори Т. Палванов раҳбарлигидаги бир гуруҳ тажрибали шифокорлар жамоаси иштирокида жарроҳлик амалиётлари ўтказилгани қайд этилди.

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиали директори, «Адолат» СДП вилоят Кенгаши раиси Тоҳир Палванов томонидан Давлатимиз томонидан онкология соҳасига қаратилган эътибор ва шароитлар воҳамизни чекка ҳудудларида соғлиғи туфайли, қолаверса, моддий томондан қийналиб келаётган қанчадан-қанча оилаларнинг дардига малҳам бўлаётганлиги таъкидланди.

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш масаласи шу қадар илгарилаб кетдики, дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази радиолог- шифокори Ҳамиджон Матюсупов оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларида. – Буни биргина марказнинг Хоразм филиалида кўрадиган бўлсак, филиал фаолиятини намуна сифатида қайд этиш жоиздир. Давлатимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибордан жамоа ҳамжиҳатликда самарали фойдаланиб, инсонлар саломатлиги йўлида жонбозлик кўрсатишмоқда. Замонавий тиббий технологиялар асосида бир қатор мураккаб операциялар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга  хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Анжуман сўнгида бир гуруҳ журналист, блогерлар ҳамда депутатлар, қолаверса тиббиёт соҳаси фидойиларининг халқимиз саломатлиги йўлидаги машаққатли меҳнатлари эътироф этилиб,  келгуси фаолиятларига зафарлар тиланди, шунингдек, матбуот анжумани бошқа соҳаларга намуна қилиб кўрсатиш даражасида ташкил этилганини таъкидлашди.

Иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳазалари, таклифлари қизғин тус олган анжуман сўнгида саволларга соҳа мутахассислари томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

«Адолат» СДП  Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+