Матбуот хизмати ташаббуси: Ўзбек тилининг ҳимоячиси

24.05.2021 13:05:05

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши матбуот хизмати “Йўқлов” лойиҳасини йўлга қўйди. Бундан кўзланган мақсад фахрий ҳамкасбларимизни йўқлаш баробарида уларнинг тажрибаларини ўрганиш. Биринчи суҳбатдошимиз-Фозилжон Сиддиқов.

Ўқувчилик давримизда бирор сўзни ёзилиши борасида иккиланиб қолсак газеталарга юзланардик. Чунки газетада ҳамма вақт тўғри ёзилади, деган тушунчага эга эдик-да. Йиллар ўтиб “Андижоннома” таҳририятида иш бошладим. Шунда ҳар бир мақолани хатосиз босилишида мусаҳҳиҳларнинг роли катта эканини тушундим. Бу бўлимда ишловчилардан билим, тажриба ва зийраклик талаб этилади. Улар ҳар бир сўз кучини ҳис қилишади, биргина хато учун курашадилар.

Йиллар давомида газетанинг виждонига айланган Фозилжон Сиддиқовнинг меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ. Устоз билан  суҳбатимиз айни шу мавзуда бўлди.

-Ҳарбий хизматдан қайтгач бир ишнинг бошини тутиш ҳақида ўйлаб юргандим. Шунда маҳалламиздаги зиёли бир инсон вилоят газетасида иш борлиги ҳақида айтиб қолди. Таҳририятга келдим, забардаст устозларнинг сири босиб, озгина иккиландим. Йўқ, ижодкор одамлар бошқача бўларкан. Мени очиқ қарши олдилар. Мусаҳҳиҳ вазифасига ишга қабул қилиндим, дея эслайди илк дамларини.-Шу-шу ҳаётим матбуот билан боғланди. Ишимнинг масъулиятли жуда катта эди. Асалари каби жойлардан материалларни йиғиб келган журналистларнинг мақолаларини хатосиз ўқувчига ҳавола этиш, чиройли кўрсатиш зиммамизда бўлган. Китоб ўқиш, ўзбек тили луғатини мукаммал билиш, тил устида ишлаш ва билимларимни оширишга қарор қилдим.

Баъзан бир неча бор қўлдан ўтишига қарамай журналистлар ёзган мақолалардаги ғализликларни тузатишга тўғри келади. Тузатамиз, ёзамиз, чизамиз, сайқаллаймиз. Чунки газетачиликда мусаҳҳиҳ зийраклиги, сўнгги дақиқада ҳам айрим камчиликларни олдини олиш нуқтайи назари шаклланган эдида менда. Газета босмадан чиқиб, қўлимга етиши билан яна қайта ўқиб чиқардим. Ҳамаси жойида эканлигига ишонч ҳосил қилгач, бироз тинчланардим.

Хотиржамлик... Нима у? Мусаҳҳиҳ халқи ҳеч қачон хотиржам бўлмайди, ўзи истасада бўлолмайди. Атрофдагиларнинг фикрлари билан, газетанинг кўриниши билан яшайди, улар. Бу Фозилжон Сиддиқовнинг салкам қирқ йиллик ҳаёти. Газета чиққанидан бошлаб янгиси нашр юзини кўргунчалик бехаловат лаҳзалари, чиққач эса ширин ҳордиғидир.

Ф.Сиддиқов Республикада мусаҳҳиҳлар орасида биринчи бўлиб “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига муносиб топилди.  Йиллар давомида ўзбек тилининг чинакам ҳимоячисига айлангани рост. Уни таниган-билганлар илиқ таърифлар ила эслашади. Хатто кўча-кўйдаги шиорлар, баннерлардаги, қўйингки, қаерда ёзув бўлса қунт билан ўқир ва “мана бу жойида бундай ёзиларди” деб изоҳлаб қўярдилар. Қаерда бўлишидан қатъий назар хато сўз ва иборалар учун курашди. Савод масаласида ҳеч кимни аямади. Қанча шогирд етиштирган бўлса, барчасига ушбу талабни қўйди.

Бугун кексалик гаштини сураётган Фозилжон ота ҳамон матбуот билан ҳамнафас. Кўз нурларини йиллар давомида газетага тўккан бўлса-да ҳамон хатоликларни англайди ва тезгина “газетачи”ларга етказади. Маслаҳатларини, ўрни келганда танбеҳини беради.

Фарзандлари, набиралари ҳам матбуотни севувчилар. Улар турли газета нашрларини илинишади. Чунки ота ҳамон ўқишни канда қилган эмас. Ҳамкасбларимизни тез-тез устознинг хонадонида бўлиб, маслаҳатларини олишлари ҳам бежиз эмас. Гўёки Фозилжон Сиддиқов тилимизнинг жонли энциклопедияси, ибрат мактаби.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят

 кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+