Янгиликлар 1052
Мажбурий “курс иши”, “диплом иши”лар ҳақиқий илмга алмашсин
Кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ислоҳотлар натижаси ўлароқ, олий таълимга ажратилган давлат грантлари сони 25 фоизга ошди. Эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари учун грантлар сони 2 баробарга кўпайтирилди. 65 та академик лицейлар олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилди. 187 та техникум ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга ошди. 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилди.
Мазкур ислоҳотлар ижтимоий ва маданий ҳаётимизда изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда. Дарҳақиқат, олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, таълим-тарбия, илм-фан ва интеллектуал салоҳиятли кадрларни тайёрлашда инновацион ва интеграцион ишларимиз кўламини кенгайтириш каби масалалар долзарблигича қолмоқда. Давлатимиз раҳбари жорий йил 17 июнь куни бўлиб ўтган видеоселекторда айтилганидек, олий таълим муассасаларида кўпроқ сифат ва самарадорликка эътиборимизни қаратмоғимиз лозим. Олий таълим муассасалари фаолиятига тегишли айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, жумладан, Давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари, ўқув фанлари дастури, талабалар билимини рейтинг тизимида баҳолаш низоми каби ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали таълимнинг сифат ва самарадорлигини оширишга эришишимиз мумкин.
Биринчидан, фаолиятимизни ўқув режаларини оптималлаштириш ҳамда фан дастурларини жаҳон стандартларига мослаштириш билан бошлашимиз лозим.
Давлатимиз раҳбари айтганларидек, олий таълим муассасаларининг Давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари, фан ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиб, замон талабларига мос равишда қайта тайёрлаш керак. Бугунги кунда олий таълим муассасаларида фойдаланиб келинаётган кўпгина ўқув режалари (бундан кредит-модуль тизими ўқув режалари мустасно) талабга жавоб беролмайди. Зеро унда мутахассислик фанларига ниҳоят кам ўрин ва ўқув соатлари ажратилган. Унда мутахассислик фанларига нисбатан турли номдаги фанлар киритилган.
Барчамизга аёнки, ўқув режаси ва фан дастурлари таълимнинг сифат ва самарадорлигини таъминлашга муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунгача Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан айнан бир таълим йўналиши учун ҳар бир ўқув йилида ўқув режаларини алоҳида тартибда амалиётга жорий этилиши яхши ҳолат эмас, албатта. Бир таълим йўналишда таҳсил олаётган турли курсларга таҳсил олаётган талабалари учун бир-бирига номутаносиб келадиган ўқув режалари таълимнинг сифат ва самарадорлигини оширишида ҳамда интеллектуал салоҳиятли кадрларни тайёрлашда, талабаларнинг ўқишини қайта тиклашда салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўқув режаларни тартиб бериш масъулияти олий таълим кафедралари ихтиёрига ҳавола этилди.
“Адолат” социал-демократик партиясининг таклиф ва тавсияси ўқув режаларни тартибга солишга, янгидан тайёрлаш ва оптималлаштиришда бўлажак кадрларнинг касбий компетенцияси, билим, кўникма ва малакаларини ривожлантириш омилларини эътиборга олиш керак. Шундагина, келажакда юртимизда замонавий билимларга эга бўлган, хорижий тилларда фикр-мулоҳазаларини эркин баён эта оладиган, ахборот-коммуникация воситалари орқали илм-фан янгиликларини етказишга бор маҳорат ва истеъдодларини намоён эта оладиган кадрлар етишиб чиқади.
Иккинчидан, замонавий методологик талаблар ва илғор хорижий тажрибалар асосида янги авлод ўқув адабиётларини яратиш.
Изчиллик билан давом этаётган таълим соҳасидаги ислоҳотлар замонавий методологик талаблар, инновацион ва интеграцион ёндашувлар, илғор хорижий тажрибалар асосида янги авлод ўқув адабиётларини янгича ёндашув, янгича қарашлар билан яратишни тақозо этмоқда. Яратилган ўқув адабиётларимиздан нафақат юртимиздаги олий таълими муассасаларида таълим олаётган талабалар, балки хорижий олий таълим муассасаларида сабоқ олаётган талабалар учун ҳам асосий ўқув адабиётлардан бири сифатида хизмат қилмоғи лозим.
Ушбу соҳада амалга ошириладиган ишларимиз ҳам ниҳоятда кўп. Шулардан, биттаси асосий ўқув адабиётларни чет тилларига таржима қилишни ташкил этади. Мазкур масалалар ижросига “Адолат” социал-демократик партияси алоҳида эътибор қаратмоқда.
Финляндия тажрибаси асосида тайёрланган “Миллий ўқув дастури” бўйича 1-, 2-синф ўқувчилари учун “Она тили ва ўқиш саводхонлиги” дарсликлари, машқ дафтарлари, методик қўлланмалар, мультимедиа мажмуалар, доцент М.Валиев томонидан Россия Федерацияси илғор тажрибаси асосида Тошкент давлат транспорт университети талабалари учун “Локомотивларнинг электр жиҳозлари” дарслиги яратилди. Ўқув адабиётларни илғор хорижий тажрибалар асосида янги авлод ўқув адабиётларини ёзиш ва нашр эттириш ишлари партиядошларимиз томонидан амалга ошириб келинмоқда.
Учинчидан, олий таълим муассасаларида ортиқча қоғозбозликка чек қўйиш орқали профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар учун қулай шарт-шароит яратиш.
Мазкур соҳаларга тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, профессор-ўқитувчиларнинг лавозим фаолиятига алоқадор талаблар, талабаларнинг билими баҳолашга тегишли рейтинг низомини қайтиб кўриш лозим. Шунда, профессор-ўқитувчилар ва талаблар фаолиятига тегишли бўлган қоғозбозлик бартараф этилади. Талабалар томонидан топширадиган рейтинг назоратлар масаласини қайта кўриб чиқиш лозим. Мазкур тизим рақамли таълим юзага келганлиги билан ўз аҳамиятини йўқотди.
Мажбурий тарзда курс иши ва малакавий битирув ишларини ёзиб топшириш талаба учун ноқулайлик туғдиради. Мақсадимиз қоғозбозликка барҳам бериш экан, ушбу масалани ижобий ҳал қилишга эътибор қаратмоғимиз лозим. Шундагина, барчамиз олий таълим тизимидаги коррупцион ҳолатларини бартараф этишга эришамиз.
Яна бир муҳим масалага бу бакалавр таълим йўналишидан сўнг магистратура мутахассислик ўқишига кириш учун имтиҳон топшириш жараёнидир. Магистратура мутахассисликка ўқиш истагини билдиришган кадрларни кириш имтиҳонини қабул қилиш масъулияти тўлалигича Давлат тест маркази орқали амалда жорий этилиши лозим. Шундагина, магистратура мутахассислик йўналишларида кириш имтиҳонларини топшириш соҳасида айрим олий таълим муассасаларида учрайдиган салбий ва коррупцион ҳолатлар йўқола бошлайди. Юртимизда эса, интеллектуал салоҳиятли кадрлар кўпайиб, таълим-тарбия, илм-фан соҳасида сифат ва самарадорлик ривожланиб бораверади.
Таваккал ЧОРИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг