Меҳнат – буюк тарбия

27.10.2020 19:10:24

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамалакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси  қизғин муҳокама этилмоқда.

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг йиғилиши кун тартибида айни шу масала муҳокама қилинди. Йиғилишда шаҳар Кенгаши депутати Муҳиба Бобобекова Фармон лойиҳаси билан депутатларни яқиндан таништирар экан, мусиқа, меҳнат, жисмоний тарбия дарсларини асосий фанлар қаторига киритиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

  • Санъатга, мусиқага ошно қалбдан ёмонлик чиқмайди. Буюк аждодларимизнинг тарихига ҳам назар солсак ҳар бири санъат, мусиқа билан шуғулланганини алоҳида эътироф этиш мумкин – дейди депутат М.Бобобекова - Мусиқа ҳар бир ўқувчининг  ижодкорлик қобилиятларини шакллантиришга, кенг, мустақил дунёқарашни ривожланишига хизмат қилса,  меҳнат фани эса ўқувчиларни катта ҳаётга тайёрлашга ўргатади. Қадимдан бежизга болага 12 ёшдан кейинги берилган тарбия – кечиккан тарбия деб айтилмаган. Бола 12 ёшигача меҳнатга ўргатилмаса меҳнат – бу буюк тарбия эканлигини англаб етмайди. 

Озода Назарова, шаҳар кенгаши депутати:

- Педагог ходимларни аттестациядан ўтказиш жараёнида ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларига эътибор қаратиш зарур. Ўқувчиларнинг билим даражаси бўйича ўқитувчининг фаолият самарадорлигини баҳолаш мезонини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Чунки ўқитувчи имтиҳон натижалари бўйича аъло кўрсатгичга эга бўлсада, ўқувчиларининг билим самарадорлик кўрсатгичи паст бўлиши ҳам мумкин. Шу билан бир қаторда, умумтаълим муассасалари битирувчиларининг олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга кириш ҳамда ишга жойлашиш кўрсаткичлари  асосида паст натижага эга бўлган таълим муассасалари раҳбар ходимларига нисбатан аниқ чора белгилаш ҳам яхши натижа беради.

Қизғин мунозара, фикр-мулоҳазаларга бой бўлган йиғилишда мазкур фармонда ихтисослашган мактабларни педагогик йўналишдаги олий таълим муассасаларига бириктириш, ҳамкорликни йўлга қўйиш, 8-синфдан бошлаб ҳафтанинг маълум бир кунини ўқувчиларни касбга йўналтириш учун касб-ҳунар мактабларида амалий ва назарий машғулотлар ташкил этиш куни деб белгилаш, ўқувчи-ёшларининг соғлом овқатланиш масаласига ҳам эътибор қаратиш, мактаб ошхоналарида сифатли иссиқ овқатлар ташкил этиш, бошланғич синфлар учун эса бепул иссиқ овқат бериш чораларини белгилаш, умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчилари учун куни узайтирилган гуруҳлар ташкил этиш, улар учун малакали мутахассис  тайёрлаш борасида ҳам қўшимчалар киритилса, мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида сўз юритилди. 

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+