Меҳнат қилган элда қадр топади

10.09.2020 11:09:31

 

Аёл кишининг бахти, иқболи аввало унинг тинч-тотув оиласида, фарзандлари ва албатта, хотиржам турмушида дейишади. Аммо, орамизда оила билан биргаликда ўз севган касбини ҳам бирдек масъулият билан адо этадиганлар кўп. Ана шундай самимий, дилкаш ва фидойи аёлларимиздан бири Фарғона вилояти Перинатал маркази шифокори,  Ўзбекистон «Адолат» СДП фаоли Раъно Сулеймоновадир.

-Шифокорлик касбига меҳр қўйдим. Салкам 30 йилдан бери шу соҳадаман. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ишладим. Баъзида раҳбарликка номзодимни қўйишди. Лекин мен оддий шифокор бўлиб ишлашни, беморлар билан бирга бўлишни хоҳладим, – дейди шифокоримиз.

Р.Сулейманова айни дамда Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Фарғона вилояти бўлими билан ҳамкорликда репродуктив саломатлик ва тиббий маданият асосларига бағишланган ўқув-семинарларда қатнашмоқда. Жойларда соғлом турмуш тарзи ҳамда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича суҳбатлар уюштириб, тавсиялар бермоқда.

Эл саломатлиги йўлида ўзидаги бор билим ва тажрибасини сафарбар этиб келаётган моҳир шифокорнинг кўп йиллик меҳнатлари эътиборсиз қолмади. Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами арафасида “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Бугун тиббиёт соҳасида Раъно опага ўхшаш билимдон шифокорларга эҳтиёж катта. Шу боис нафақага чиққан бўлса-да, жамоада меҳнат қилиб, шогирдларига ўз тажрибаларини ўргатмоқда. Энг муҳими эса оналар ва болалар соғлигини асраш  йўлида элнинг олқишига сазовор бўляпти.

Партиямиз вакилини мукофот билан муборакбод этиб, келгуси фаолиятига зафарлар тилаймиз!          

   Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+