Меҳр муолажаси

18.05.2021 18:05:40

Ҳеч бир инсон ҳаётини ва келажакдаги режаларини тузганида касал бўламан, деб ўйламайди. У ёки бу касалликнинг аниқланиши, албатта, беморнинг келгуси мақсадларини ўзгартиришга, баъзан эса, ҳаёт тарзини қайта қуришга сабаб бўлиши мумкин.

Саратон касалликлари - цивилизация асорати. Инсонлар яшаш тарзининг ўзгариши саратоннинг кўп учрашига сабаб бўлмоқда. Ҳозирги кунга келиб хавфли ўсма касалликларининг 200 дан ортиқ тури мавжуд. Саратон ҳар қандай аъзо, ҳар қандай тўқима ва хужайрада ривожланиши мумкин. Мутахассислар саратон сабабларини очиқлашда фаол изланмоқдалар.

Дунё бўйича ҳар йили 200 мингдан ортиқ болада онкологик хасталик қайд этилиб, уларнинг ярми бу дунёдан кўз юмади. Умуман олганда, саратон борган сари ёшармоқда. Беморлар орасида 20-25 ёшлилар, хатто кичик ёшдаги болалар ҳам кўп учраяпти.

Тиб илмининг султони Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида шундай маълумот бор: “Саратон ёмон сифатли шиш бўлиб, атрофига қисқичбақа оёқлари сингари томир, яъни илдизлар ёяди. Қисқичбақа ўз овига ёпишгани сингари бу шиш ҳам аъзога ёпишади. Кўриниши юмалоқ, ранги ва атрофлари қисқичбақа оёқлари каби томир тортгани учун ҳам бу шиш “саратон” деб аталади”.

Ҳа, бу душвор дард беморларни ўз чангалида ушлаб туради. Аммо, тиббиёт тасдиқлайдики, онколгия – ажалга элтувчи йўл эмас. Уни даволаш мумкин. Аксинча, ундан кўра хавфлироқ дардлар борки, беморлар томонидан эътиборсизлик билан қараш оқибатида аянчли якун топмоқда. Масалан, инфаркт ва инсульт саратон ҳамда хавфли вирусли касалликлардан кўра кўпроқ ўлим кўрсаткичини қайд этади. Умуман олганда, ҳар қандай касаллик ҳам, бефарқлик соясида ривожланиб улгурса, киши соғлиғи ва ҳаёти учун хатар туғдиради. Онкология қанчалик ваҳимали кўринмасин, вақтида аниқланса ва қунт билан даволанса, беиз йўқолишига шубҳа йўқ.

Яқинда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, у ерда даволанаётган болажонлар ва уларнинг ота-оналари қалбига ана шу умид кўчатини экиб қайтди.

"Кўнгилларингиз бузилмасин. Сизлар бир ўзингиз эмассиз. Ҳаммасини назоратга олиб,  ёрдам берамиз". Бу гаплар фарзандини даволашда қатнашаётган оналар кўнглини тоғдек кўтарганига шубҳа йўқ. Табиийки, боласига онкологик ташхис қўйилган ота-она ўзини йўқотиб қўяди. Бироқ, улардан имкон қадар ўзларини қўлга олиш талаб этилади. Чунки олдинда масъулиятли вазифалар кутяпти. Болани даволаш, ҳаётга қайтариш керак. Ота-онадаги қўрқув, хавотир, ҳафалик – бари бола томонидан ўзлаштирилади. Катталарда тузалишга ишонч бўлса, бу болага ҳам кўчади ва аҳволи ўнгланади. Шу жиҳатдан Президент ташрифи нафақт болажонлар учун бир умрлик хотира, балки уларга умид билан кўз тикиб турган ота-оналар учун катта далда, ишонч учун рағбат вазифасини ўтади.

Ёш боланинг жони оғриётгани билан у ўзида нима бўлаётганини тушунмайди, бу хавфли касаллик эканини англаб етмайди. Ана шу билмаслик тузалишига ёрдам беради. Болалар онкологиясида давога ишонч юқорилигининг сири шунда. Катталар эса қўрқув ва депрессияга тушиб қолиш билан дардни зўрайтириб юборадилар. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида Президент бу мудҳиш дард билан оғриган кўнгилларга меҳр малҳамини қўйди, улар соғлом ҳаётган қайтишларида елкадош эканлигини билдириб, катта ишонч – давога туртки бўлувчи ишончни уйғотди.

Сир эмаски, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш афзалдир. Мамлакатимизда касалликнинг олдини олиш борасида кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, онкология соҳасида доимий равишда онкологик огоҳликка чақирувчи тадбирлар, нафақат онкология клиникаларида, туман тиббиёт бирлашмаларида ва хаттоки, тиббий профилактикада бирламчи бўғинини ташкил қилувчи поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида ҳам ўтказилмоқда.

“2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қабул қилинди. Унда 100 минг аҳолига онкологик касалликлардан вафот этиш кўрсаткичини 38,7 фоиздан 35 фоизгача пасайтириш асосий мақсад сифатида қайд этилган.

Учрашув чоғида бемор болаларнинг ҳар бири билан давлат раҳбарининг шахсан ўзи суҳбат қилгани, уларнинг муолажалари учун зарур шароитларни муҳайё қилиш, уларнинг тезроқ тўлақонли ҳаётга қайтишлари учун мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилгани айни муддао бўлди.

Шунингдек,Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология  тиббиёт марказида онкологик ёрдам кўрсатиш тизимини яхшилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Президент барча ҳудудлардаги мутасаддилар ва соҳа вакиллари билан фикр алмашди. Онкология ва гематология хизматларини, айниқса вилоятларда такомиллаштириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Демак, бугунги кун шифокорларидан онкологик ҳаста беморлар билан ишлашда алоҳида масъулият талаб этилади. Мутахассис саратон қандай хасталик эканлигини эринмай тушунтириши лозим. Зеро, инсон билмаган нарсасидан қўрқади. Изоҳда асосий урғу бу дарднинг бедаво эмаслигига қаратилиши мақсадга мувофиқ. Онкологлар бошқа касбдошларига қараганда кўпроқ масъулият ва муомала маданиятига эга бўлишлари шарт. Масалан, бемор яқинини тинчлантириш мақсадида “Аслида саратон катакчалари ҳаммада мавжуд” фактини келтирса, бу соғлом кишида ваҳима туғдириши ҳеч гап эмас. Маълумотининг давомида катакчалар уйқу ҳолатида эканлиги, инсон умри давомида ҳеч қачон бош кўтармаслиги мумкинлигини айтиб ўтган афзал.

Учрашувларда Президент айтган яна бир муҳим янгилик ҳар бир вилоятда ПЭТ-КТ (позитронно-эмиссионно ва компьютер томография) аппарати ўрнатилиши бўлди. Мазкур онкологияга ташхис қўйиш ва бемор ҳолатини доимий назоратда сақлаш учун энг керакли бўлган текширув саратонга тўлиқ ва тўғри ташхис қўйишни таъминлайди.

         Ирода – энг яхши даво. “Дард бошқа, ажал бошқа”, деб бежиз айтишмаган. Касаллик қай даражада жиддий бўлмасин, ҳар доим ҳам ўлимга олиб келавермайди. Айниқса атрофида кўмак беришга тайёр яқин кишилар бўлса, бир беморнинг соғайиши давлат даражасида муҳим аҳамият касб этса, унинг мушкули осон бўлишига Юртбоши шахсан қайғурса, дард устидан ғалаба қозониш анча осонлашади.

 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+