Янгиликлар 1118
Меҳр нури ёғар доим юзингиздан устозлар!
Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод,
Яхшидир ер юзин қилгандан обод.
Лутфинг-ла бир дилни қул қила олсанг,
Афзалдир юз қулни қилмоқдан озод.
Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган 106- сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқитувчиларига боқар экансиз, юқоридаги мисралар айнан мана шундай фидойи инсонлар учун атаб ёзилган бўлса керак деган фикрга келасиз.
Эшитишда нуқсони борлиги сабаб, бошқа соғлом болаларга нисбатан феъл-атвори бироз оғирроқ бўлган болалар билан ишлаш, уларга хат-савод ўргатишнинг ўзига яраша машаққати бор.
-Бу масканда анъанавий мактаб ўқитувчилари сингари бир синф болага бир хил дарс ўтиб бўлмайди. Уларнинг ҳар бирининг ўз олами, ўзига хос ҳарактери бор. Шундай бўлишига қарамай, биз уларнинг барини бирдек яхши кўрамиз. Меҳримизни берамиз. Меҳр бермай туриб, болага илм бериш умуман мумкин эмас. Бу ердаги болалар сизни сўзингиз билан эмас, меҳрингиз билан хис этишади.,-дейди мактаб-интернат ўқитувчиси, сурдопедагог Қадирова Муниса.
“Адолат” СДПнинг “Бор меҳримиз сенга болажон” лойиҳаси доирасида ушбу мактабда ўтказган тадбиримиз давомида устозларни ўз синфидаги ўқувчиларини фарзандлариданда яқин кўришлари, уларнинг ҳар бирини “болам”лаб чақиришлари, улар атрофида жонсаракларча гирдикапалак бўлишлари, болажонларнинг эса устозларига ўзгача меҳр, фарзандларча эркалик билан боқишлари, уларнинг ўртасидаги ўзаро ҳурмат, эҳтиром туйғуларини кўриб жуда таъсирландик.
Бўйидан юраги, қалби катта бўлган устоз ва мураббийларнинг масъулиятли ва ўз ўрнида шарафли ишларига зафарлар тиладик.
Уларнинг сабрларига, ўз касби ва болаларига бўлган вафодорлигига тан бердик ва “Илохим сизларга тоғдек куч-қувват, соғлик, бардош берсин” дея хайрлашдик.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг