Меҳрга, инсоний қадрга муҳтож одамлар

04.05.2021 17:05:25

Бу азиз Ватанда ўз халқига, юртига садоқат билан хизмат қилган ҳеч бир инсон изсиз кетмайди. Ҳа, ўзининг матонати, ҳалол меҳнати, чин ватанпарварлик меҳр-муҳаббати билан юртдошлар хотирасида чуқур из қолдирган азиз инсонлар кўп. Улар хотираси олдида бизлар таъзим қиламиз.

Мен Афғон уруши қатнашчисиман. Ҳар гал жанггоҳларда қолиб кетган, Ватан учун азиз жонини нисор қилишга тайёр турган қуролдош дўстларим кўз ўнгимда бир-бир гавдаланади. Уларнинг муқаддас хотирасини ёд этиш биз тирикларнинг олий бурчидир. Чунки улар бизнинг бугунимиз ва эртанги кунимиз, порлоқ келажагимиз учун жон фидо қилганлар.

Жанггоҳларда ҳоки қолганларни эсларканман, беихтиёр бугун ҳам ўша жароҳатларни танасида туйиб, қалбида ҳис қилиб юрган инсонлар ёдимга келади. Ахир, уларнинг ҳар бири меҳрга, инсоний қадрга, эътиборга муҳтож одамлар-ку! Шунда Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ва “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бежиз эмаслигига иймон келтираман. Бу муҳим ҳужжат кўпчиликнинг, хусусан, фахрийларимизнинг айни дилидаги иш бўлди. Фармонга асосан фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларига 12 000 000 сўм миқдорида пул мукофоти берилиши ҳам фахрийларимизга юксак эҳтиром намунасидир.

Шунингдек, Президентимиз қарорига асосан фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, ёшлар билан учрашувлари ташкил этилаяпти. Ўзбекистон “Адолат” СДП  Қашқадарё вилоят Кенгаши, вилоят ҳокимлиги ва тегишли жамғармалар иштирокида “Хотира бор экан-миллат барҳаёт”, “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиорлари остида ўтказилаётган тадбирларда фахрийларимиз қатори мен ҳам иштирок этаяпман. Давлатимиз раҳбари қарорига асосан биз фахрийлар белгиланган тадбирларда қатнашишимиз учун темир йўл, автомобил транспорти, меҳмонхона, овқатланиш, маданий ҳордиқ чиқаришимиз билан боғлиқ харажатлар бюджетдан ажратилган.

Дарвоқе, инсон умри бу дунёнинг ёши олдида бир лаҳзалик гап. Аммо ана шу оний лаҳзани шундай яшаб ўтиш керак эканки, токи уни хотирлаш ва қадрлаш имкони бўлсин.

Бугун юртимиз шаҳарлари Мустақиллик майдонларида хотира ва қадрлаш ёдгорликлари тинланган. Унда халқимиз бахт-саодати йўлида кўкракларини қалқон қилган, фронт ортида матонат кўрсатганларнинг табаррук номлари ёзиб қўйилган. Хотира ва қадрлаш куни миллионлаб ватандошларимиз ушбу ёдгорлик пойига ташриф буюриб, ўтганларнинг ўчмас хотираси олдида бош эгадилар.

Дарҳақиқат, аждодлар хотираси муқаддас, Ватан озодлиги учун жонини фидо қилганлар номи, жасорати мангу қолади. Улар эл-юрти, халқи қалбида абадий яшайверади.

                                                                     Валерий Левин,

                                            Ўзбекистон “Адолат” СДП Қарши шаҳар Кенгаши

                                            аъзоси, байналминалчи жангчи.

                                            

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+