Янгиликлар 1038
Донорлар қонида меҳр мужассам...
Маълумки, “Адолат” СДП ташаббуси билан “Бор меҳримиз сенга, болажон!” лойиҳаси доирасида ташкил этилиб келинаётган беғараз донорлик акцияси юртдошларимизни бир мақсадга бирлаштиргани билан ҳам аҳамиятлидир.
Ҳар доимгидай эрталаб соат 8:30дан Хоразм вилоят Қон қуйиш марказида акция иштирокчиларининг фаоллик билан қон топшириш учун кўрикдан ўтказиш ишлари бошлаб юборилди.
Топширилган қонлар тўғрисидаги хужжатлар вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази онкогемотология бўлимида даволанаётган болаларга топширилди.
Нурбек Сапарбоев, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Хоразм вилояти бўйича бошқармаси 82/885 ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, капитан, акция иштирокчиси:
-Партиянинг “Бор меҳримиз сенга, болажон!” лойиҳаси доирасида ҳамкорликда бемор болажонлар учун қон топшириш акциясида жамоамиз билан фаол иштирок этмоқдамиз. Мен ўзим ҳам кўнгиллилар сафида болажонларимиз учун қон топширдим. Берган қонларимиз болажонлар дардига шифо бўлиб, жамиятда бахтли ва комил инсон сифатида шаклланишларини жуда-жуда истайман. Акция жуда ўринли ташкил этилган. Партия фаоллари билан келгусида ҳам ҳамкорликни мустаҳкам давом эттиришни режа қилдик.
Зулхумор Аллақулиева, вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази “Онкогематология” бўлими мудири:
-“Адолат” СДПни барча партиялар орасида энг фаоли, ташаббускори сифатида танийман ва ҳурмат қиламан. Ҳар доим байрамларда бемор болажонларимизни эътибордан четда қолдиришмайди. Сана муносабати билан беморлар учун қўлларида энг муҳим ва зарур бўлган қон топширганлик тўғрисидаги хужжатлар билан бўлимимизга кириб келишади. Партиянинг беғараз ёрдамидан миннатдормиз. Бўлимимиз ишчи ходимлари билан биргаликда партияга аъзо бўлиш истагимиз ҳам амалга ошадиган бўлди. Фаоллар “Партия патронажи” жойнинг ўзига келиб аъзоликка қабул қилиш ишларини амалга оширишини билдиришди.
Тозагул Отажонова, Камронбек Давронбековни онаси:
-Ўғлим Камронбек туғма гематологик касаллиги билан 8 йилдан буён азият чекиб келмоқда. Ўғлимни ҳар ойда ушбу шифохонага келиб даволатиб, икки марта қон қуйдирамиз. Холимиздан хабар олиб, беғараз донорлик қилган партия ва миллий гвардия вакилларига оилам номидан миннатдорлик билдираман. Инсон қадри улуғланган юртда яшаётганимизга шукрона айтаман. Ташкилотчиларга раҳмат.
Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар, фарзандларимизнинг соғлом ва комил инсонлар бўлиб вояга етишларида, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларида хизмат қилиши билан қувонарлидир.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг