МЕН ҲАМ “COVID” БЎЛДИМ...

10.08.2021 17:08:43

Яқинда мен ҳам бутун дунё аҳли дучор бўлаётган коронавирусга чалиндим. Тўғриси, шу пайтгача “covid” ўзи нима, у касаллик мен учун  йўқ, тан олмайман, кўзим билан  кўрганманман уни” қабилидаги фикрда юрардим. Бу вирусга жиддий муносабатда бўлмаганим учун ниқобдан ҳам фойдаланмас эдим. Аллоҳ тақдир қилса, қандай дуч келиб қолганингизни билмас экансиз...

Эрталаб кўзимни очганимда бел ва оёқ суякларим қақшаб, бошим қаттиқ оғрир, томоғимда ҳам ўзгариш бор эди. Кун бўйи ишхонада шу каби оғриқлар ва ҳолсизлик билан юрдим. Камига иситма ва узоқ-узоқда бўладиган йўтал ҳам қўшилди. Бу ҳолат икки кун тўхтамади. Ана шундан кейин билдимки, танамда қандайдир нохушлик юз беряпти. Чунки шу пайтгача касал бўлсам, иситма ёки суяк оғриқлари кузатилмаган. Мен шу куни “Covid-19”га тест топширдим. Учинчи кун якшанбага тўғри келди ва кечгача иситма безовта қилди. Тўртинчи куни эрталаб таъм ва ҳидларни билмаётганимни сездим. Ўша пайтда қўнғироқ орқали топширган тестимнинг  натижасини маълум қилишди ва дарҳол даволанишни бошладим.

Антибиоток қабулидан уч кун ўтиб, суяк оғриқлари, иситма йўқолди.  Муолажа якунида нафас йўлларидаги оғриқ ҳам билинмай қўйди. Шу тариқа хасталик таъқибидан жуда тез қутулдим. Бу билан нима демоқчиман? Ҳозир вируснинг кенг тарқалган даври. Республикамиз бўйича бир кунда 1000 да ортиқ кишида коронавирус аниқланмоқда. Агар сизда суяклар, бош оғриғи, мунтазам иситма, таъм ва  ҳид билмаслик ҳолатлари намоён бўлса, фурсатни бой бермай, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Токи вирус бронх йўлларингиздан ўпка ва бошқа аъзоларга тарқалмай туриб, уни даволашга киришинг. Йўқса, касаллик кучайиб, оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Менинг фикримча, хасталикка ўз вақтида эътибор бериб, даволанса,бемор тезда шифо топиб кетади. Чунки тиббиёт коронавирусни даволашда керакли тажрибага эга бўлиб улгурди. Ўзидаги ҳолатга бефарқ бўлиб, вируснинг ривожланишига замин яратиб берганлар оғир аҳволга тушиб қолиши мумкин. Шундай экан, доимо кучли иммунитет билан юришга ва соғлом ҳаёт кечиришга ҳаракат қилинг. Зеро юқори иммунитет ҳар қандай дардга қарши энг яхши муолажадир.

Г.Мамталиева,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон туман кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+