Янгиликлар 3421
Менда таклиф бор: Штат бирликлари ташкилотлар фаолиятига мос бўлсин
Партиямизнинг янги дастурларини такомиллаштириш учун сафдошларимиз билдираётган таклифлар билан партиямиз нашри ва интернетдаги сайтида танишиб бормоқдамиз. Ушбу фикрларда ҳаётнинг ўзи тақозо этаётган муаммолар акс этаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу боис сафдошларимизнинг таклифларини қўллаб-қувватлаймиз.
Партиядошларимиз эътиборига ҳавола этилаётган қуйидаги фикрлар ҳам ана шундай ҳаётий муаммолар ҳақида.
Шуни айтиш керакки, чекка ҳудудларда ташкил этилган ҚВП, ҚОПлар ҳамда «тез тиббий ёрдам» шоҳобчалари сонини кўпайтиришга эҳтиёж борлиги кузатилмоқда. Кўп ҳолларда оралиқ масофаси жуда узоқ бўлган 4-5 қишлоқ аҳли учун биттагина шохобча хизмат кўрсатади. Бу эса аҳоли ва тиббиёт ходимларига турли қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Гап инсон соғлиғи ҳақида бораётганини назарда тутсак, буни оддий ноқулайликлар, деб бўлмайди.
Иккинчи таклифим олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишга оид. Давлат тест синовлари жараёнларида табиий ва аниқ фанлар юзасидан берилган саволларга жавоб топиш учун белгиланган вақтга яна 1 соат кўшиш зарур. Негаки, табиий ва аниқ фанлардаги мисол ва масалаларни ишлаш учун 3 соат вақт камлик қиляпти, абитуриентлар гарчи билса ҳам берилган мисол ва масалаларни тўлиқ ечишга улгурмаяптилар.
Яна бир таклиф хизмат машиналаридан талаб даражасида фойдаланиш имкониятлари мавзусида. “Оила” илмий-амалий, Маънавият ва маърифат марказларининг туманларда фаолият кўрсатаётган бўлимлари фойдаланиши учун хизмат машиналари берилган. Бу жуда яхши, бироқ ушбу машиналарни бошқариш учун ҳайдовчи штат бирлиги белгиланмаган. Ушбу масалани ҳам кўриб чиқиш керак. Партиямиз дастурида штат бирликларининг ташкилотлар фаолиятига мутаносиблиги масаласи ҳам ўрин олиши айни муддаодир.
Дилдора ОХУНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Мингбулоқ туман «Уюрчи-Дамкўл» МФЙдаги БПТ раиси

Фикрингизни қолдиринг