Янгиликлар 2155
МФЙдаги муаммолар – депутат эътиборида
Ҳудудлардаги мавжуд муаммолар ўз ўрнида ҳал этилишида айнан фуқаролар билан учрашувлар, ўрганишлар, реал ҳолат билан танишиш ўз самарасини беради. Ҳудуддан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг юқори ташкилотларга муаммоларни етказиши ва камчиликларнинг бартараф этилишида бу жуда муҳимдир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаммаджон Валиев ҳам ўзи сайланган округ жойлашган Қўқон шаҳрида бўлиб, сайловчиларнинг мурожаат ва таклифларини тинглади.
Дастлаб, 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида “Депутат ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Унда мактаб ўқувчилари таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда таклифларини билдирдилар.
Шаҳарнинг “Азиз-тепа” маҳалла фуқаролар йиғинида бугунги кунда 5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Депутат МФЙ раиси Иброҳим Худойбердиев ҳамда фуқаро Валижон Жумабоев, маҳалла имоми Сафохон Абдуллаев билан суҳбатлашиб, канализация, стадион қуриш, эски бозорни тартибга солиш, қабристонни обод қилиш сингари масалаларга ижобий ечим топиш йўлларини муҳокама қилди ҳамда назоратига олди.
6-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабида давом этган учрашувда аҳоли, педагоглар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан ҳаёти ҳамда меҳнат шароитини яхшилашга қаратилган таклифларини билдирдилар.
Хусусан, Мазмунахон Лалиеванинг аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида фойдаланилмаётган биноларни аҳоли турар-жой объектларига айлантириш, Шахнозахон Муҳиддинованинг Қўқон шаҳрида табиий газни барча маҳаллаларга бирдек, етарли босимда етказиб бериш, Машрабжон Ҳалиловнинг суд ҳукмлари ижроси назоратини кучайтириш борасидаги таклиф ва мурожаатлари депутат томонидан қайд этиб борилди.
-Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятим бор, – дейди “Исломобод” МФЙда истиқомат қилувчи Г.Ғофурова. – Шунинг учун шаҳар АТ Халқ банкига 30 милллион сўм кредит олиш мақсадида май ойида мурожаат қилган эдим. Аммо шу кунгача менинг мурожаатим ижобий ҳал этилмади. Бу борада менга кўмак берсангиз.
Мурожаатлар ижро учун қабул қилинди.
Шунингдек, депутат томонидан фуқароларга мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида сўнгги йилларда қабул қилинган ва айни пайтда Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилаётган қонунлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Камола ПОЛВОНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг