Янгиликлар 304
Миллатлараро дўстлигимиз абадий бўлсин
Ўзбекистонда бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ, ҳамжиҳат бўлиб яшамоқда. 157 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда. Кўпмиллатли ва кўп маданиятли жамиятни оқилона бошқариш соҳасида Ўзбекистон муҳим тажриба тўплади. Бугунги кунда бизнинг бу борадаги фаолиятимиз дунё миқёсида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар бундан буён ҳам нодавлат ташкилотларнинг ролини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш орқали фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга, миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганидир. Шу муносабат билан “Халқлар дўстлиги куни” Қашқадарёда ҳам миллий маданий марказлар иштирокида турли дўстликни улуғловчи тадбирлар ташкил этилди.
Айниқса, “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ва Нодавлат нотижорат ташкилоти Қашқадарё вилояти бўлими, вилоятдаги миллий маданий марказлари билан ҳамкорликда уюштирилган “Дўстлигимиз абадий бўлсин ” мавзусидаги тарғибот тадбири иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбирда партиянинг вилоят ва шаҳар Кенгаши аъзолари, депутатлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, вилоятда фаолият олиб бораётган бошқа маданий марказлар вакиллари қатнашди.
Унда сўзга чиққан партия фаоллари юртимиздаги ҳар бир миллат ва элат вакиллари, дини, тили ва ирқидан қатъий назар, инсон қадри улуғланаётганини алоҳида эътироф этдилар. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида илгари сурилаётган устувор вазифалар, хусусан, қонун устуворлиги таъминланган адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, одамлар ҳуқуқ ва манфаатлари, шаъни, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар мужассам этилгани ҳам айнан Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаронинг фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилаётганлиги аниқ мисоллар асосида баён этилди.
Тадбир сўнггида вилоятда фаолият олиб бораётган татар, туркман, араб, тожик миллий маданий маркази вакиллари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларда ўзгача завқ улашди.
Бу олийжаноб мақсад йўлида юртимиз бўйлаб ўтказилган Дўстлик фестиваллари халқимизни янада бирлаштиради, минтақамиздаги тинчлик ва осойишталик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта. Жонажон юртимизда доимо тинчлик-осойишталик ва фаровонлик ҳукм сурсин, кўпмиллатли Ўзбекистон халқига ҳамиша бахту саодат ёр бўлсин!
Жасур Хушназаров,
Қашқадарё вилояти
ННТ бўлими бошлиғи
Фикрингизни қолдиринг