Миллий давлатчилигимизнинг ҳуқуқий асоси

10.12.2021 09:12:56

Биз Конституциямизни ҳақли равишда бахтимиз қомуси деб атаймиз. Чунки у орқали бизнинг муносиб ҳаёт кечиришимиз, ҳуқуқ ва бурчларимиз, шахс сифатида дахлсизлигимиз ва эркинлигимиз, ҳаётимизнинг фаровон, тинч ва осуда кечиши муносиб кафолатланган. Ўзлигимиз, миллий қадриятларимизга таянилган ҳолда қабул қилинган Конституциямиз қабул қилинганига бу йил 29 йил тўлди. Ушбу айёмни муносиб нишонлаш, унинг қадр-қимматини янада юқори тутиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир. Олти бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат Конституциямизнинг ҳар бир бўлимида жамият ҳаёти учун муҳим бўлган қоидалар, умуммиллий тамойиллар аниқ ва равшан белгилаб қўйилган. Улар бизни ҳаётда ўрнимизни топишимизни, муносиб умргузаронлик қилишимизни, тўлақонли бахтли умр кечиришимизни кафолатлабгина қолмасдан, мамлакатимиз равнақи йўлида хизмат қилишга, ўз фуқаролик бурчларимизни тўлақонли адо этишга ундайди.

Фикримизинг исботи сифатида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мана яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар бўлиб ўтди.    Сайловлар Конституциямизда белгиланган тамойиллар асосида шаффоф, тенглик асосида белгиланган меъёрларга муносиб тарзда ўтказилди. Бу ҳам мамлакатимизда  қонунларга бўлган ҳурмат,  одилликдан далолатдир. Шунингдек, Конституциямизнинг 20-моддасида “Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт” деб белгилаб қўйилган. Айнан ушбу қоида барчанинг қонун олдида тенглигини, ҳуқуқ ва мажбуриятлари бир хил тамойилда эканлигини англатади ва коррупцияга йўл қўймасликнинг асосий принципларини яратишда дастуриламалдир десак муболаға эмас. 

Бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий адолат, тенглик, қонун устуворлигига эришиш мақсадида кўплаб қарор ва  қонунлар, қонуности ҳужжатлари  қабул қилинмоқда. Буларнинг барчаси жамиятдаги адолатпарварликни таъминлаш, инсон қадр-қимматини янада юқори тутиш, жамиятдаги кўплаб иллатларга қарши курашда муҳим тамойилдир. 

Шунингдек, жамиятимиздаги ҳар бир инсон конституциямизда белгилаб қўйилган қоидалар асосида ўқиб билим олмоқда, касб танламоқда, тадбиркорлик билан шуғулланмоқда, ўз бизнесини йўлга қўйиб мулкдор бўлмоқда.  Хуллас, бир сўз билан айтганда ҳар биримизнинг келажагимизни белгилашда бахтимиз қомусида кафолатланган қоидалар муҳим ўрин тутмоқда. Шундай экан, бу байрам ҳар биримиз учун энг улуғ кун сифатида янада қадрлидир. Уни муносиб нишонлаш эса ўз фуқаролик бурчимиздир. 

   

                                                                                                                   Руҳия ИСМОИЛОВА,

                                                                                                                               “Адолат” СДП

                                                                                               Қўшкўпир туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+