Янгиликлар 4118
Миллий мустақиллигимиз асосчиси
Ислом Каримов Республикамизнинг биринчи раҳбари сифатида 1989 йил 23 июнда иш бошлаган пайтида юртимиз ўз тарихидаги энг мудҳиш, энг оғир кунларни бошидан кечираётган эди. У киши тез орада ўз халқини турли маломатлардан қутқариш, юртимизда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш керак эканлигини чуқур ҳис этиб, бу ишларни бажаришда юксак жасорат ҳамда метин ирода соҳиби эканликларини кўрсатди. Москвадан юборилган Гдлян ва Ивановлар тўдаси юртимиздан ҳайдаб чиқарилиб, асоссиз бошлаган тергов ишлари тугатилди. Минглаб бегуноҳ қамалганлар бола-чақаларининг бағрига қайтарилди. Ислом Каримов Республикамизни ривожлантиришнинг пухта ва чуқур ўйланган ўзига хос дастурини изчил рўёбга чиқаришга бел боғлади. Ўзбекистон бўйича 2.5 миллион оилага томорқа учун 700 минг гектар суғориладиган ерлар, имтиёзли пул судалари ва қурилиш материаллари ажратилди.
Республикамизда юзага келган бир қатор кескин ва хавфли вазиятларнинг олдини олишда Ислом Каримовнинг ҳақиқий сиёсий етакчига хос жасорати намоён бўлди. Мустақил давлат пойдеворини барпо этишга киришилган бир пайтда айрим ёвуз кучлар турли иғволар тарқатиб, қонли ҳуружлар уюштиришни ўз олдиларига мақсад қилиб олган эдилар. Бунга Фарғона, Паркент, Бўка, Наманган воқеалари ҳамда Тошкентдаги талабалар шаҳарчасида содир этилган воқеаларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бундай таҳликали воқеаларнинг ҳар бири атайлаб уюштирилган, она юртимизни қонли биродаркушлик уруши гирдобига тортишга қаратилган ҳаракатлар эди. Уларни ўта босиқлик ва донолик билан бостириш, жунбушга келган оломон орасига дадил кириб бориб, уларнинг қалбига йўл топиб, халқни муқаррар бўлиб турган биродаркушлик урушларидан сақлаб қолиш ҳақиқий жасорат, чинакам қаҳрамонликнинг ўзи эди.
Ислом Каримовнинг мустақиллик йўлидаги ҳуқуқий қадамларидан бири ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидир.1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, матбуотда чоп этилди. Иккинчи ҳуқуқий қадам - Президентлик институти таъсис этилиши бўлди. Юртимиз ҳаётидаги бу ғоят муҳим тарихий воқеа 1990 йил 24 мартда юз берди. Олий Советнинг биринчи сессиясида Ўзбекистон Президенти лавозимини жорий этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Ушбу сессияда Ислом Каримов Ўзбекистоннинг биринчи Президенти этиб сайланди.
Мустақиллик йўлидаги ҳуқуқлар бу Конституциявий назорат комиссиясининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, герб ва мадҳиясини яратилиши, мустақиллик декларациясининг эълон қилиниши, конституциявий комиссиянинг ташкил этилиши бўлди. Олий кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамланган конституциявий комиссия тузилди. Асосий қонунимиз лойиҳасини ишлаб чиқишда Ислом Каримовнинг кенг миқиёсда стратегик фикрлайдиган, узоқни кўра оладиган буюк сиёсий арбобнинг бу ишга раҳбарлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Юртбошимиз демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси конституцияси асосий муаллифи эди.
Ислом Каримовнинг мустақиллик йўлида навбатдаги ҳуқуқий қадами давлат мустақиллигининг эълон қилинишидир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йил 31 августда, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида сўзлаган нутқидаги: “Мен шу бугундан эътиборан 1 сентябрни республикамизда Мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман”, деган сўзлари Ватанимиз тарихига олтин ҳарфлар билан мангу ёзилган.
Мустақиллигимизни кўра олмайдиган айрим қабиҳ ниятли кучларнинг мамлакатимизни тараққиёт йўлидан чалғитишга бизни ўрта асрлар жаҳолати даврига қайтаришга навбатдаги уринишлари 2005 йилнинг май ойида Андижонда акромийлар томонидан содир этилди. Диний экстремистлар конституциявий тузимимизни ағдариб, Ислом ҳалифалик давлати барпо этишга уриндилар. Биринчи Президентимизнинг жасорати ва қатъияти, халқимизнинг бирдамлиги туфайли акромийлар ўз ғаразли ниятларига ета олмадилар.
Ислом Каримовнинг бой ҳаётий тажрибаси, воқеалар ривожини олдиндан кўра билиш, турли вазият ва ҳолатларни чуқур таҳлил қилиш асосида оқилона қарор қабул қилиш қобилияти “Янги уйни қурмай туриб, эскисини бузманг” деган тамойилнинг асосини ташкил қилади. Ушбу тамойил ҳамда буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Куч адолатдадир” деган шиорига риоя этган ҳолда биринчи Президентимиз юртимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлар ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик муҳитини барпо этишга эришди. Унинг раҳнамолигида она юртимизда улкан ўзгаришлар юз берди. Мустақиллигимиз шарофати билан биз ўз қадр-қимматимиз, миллий давлатимиз, тилимиз ва динимизни миллий қадриятларимизни тиклаб, жаҳон ҳамжамиятида ўзимизга муносиб обрў-эътибор қозонишга эришдик.
Ўзбекистон БМТга ва ўнлаб халқаро ташкилотларга аъзо бўлди. Тошкент Ислом маданияти пойтахтига айланди. Ўзбекистонда фермерлик ривожланиб кетди. Спорт Ўзбекистонни жаҳонга машҳур қилди. Республика ғалла, ёқилғи мустақиллигини қўлга киритди. Навоий интермодал логистик маркази жаҳон ҳаво йўлларини туташтирадиган марказга айланди. Бугун АҚШ, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Германия Ўзбекистоннинг яқин ҳамкоридир. Ўзбекистон дунёда 28 давлат қаторида енгил автомобил ишлаб чиқармоқда.Ўзбекистон, шунингдек, турли моторлар ҳам ишлаб чиқармоқда. Бизда жаҳондаги 14 давлатнинг бири бўлиб тез юрар поезд ҳаракатланмоқда. Ўзбекистонда Сурғул кони негизида қиймати 4 миллиард 200 миллион долларга тенг бўлган Устюрт газ-кимё мажмуаси барпо этилди. Ангрен-Поп элетрлаштирилган темир йўл тармоғида 19 километрли туннел қурилди. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида аҳоли сони 11 миллионга кўпайди. Оналар ўлими уч баробар, болалар ўлими уч ярим баробар камайди. Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши 67 дан 73 ёшга узайди. Биринчи Президентимиз томонидан илгари сурилган мамлакатни ислоҳ қилиш тамойили жаҳонда “ўзбек модели” сифатида тан олинди. Ўзбекистон иқтисодиёти 6 баробар, аҳолининг ялпи реал даромадлари жон бошига 12 карра ошди. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмади. Саноати тез ривожланаётган давлатлар орасида Ўзбекистон бешинчи поғонада.
Биринчи Президентимизнинг стратегик, чуқур таҳлилий қарашлари, ўз давридан илгарилаб кетган ташаббуслари ҳар доим мамлакатимиз ва халқимизни тарихнинг хатарли бурилишларидан сақлаб, республикамизни йўқотишларсиз тараққиётнинг янги ва янада қудратли босқичларига олиб чиқмоқда.
Буюк давлат арбоби Ислом Каримов мустақилликнинг илк кунларидан маънавий камолот, миллий ўзликни англаш, қадриятларни тиклаш, уларни кўз қорачиғидек асраш, хаққа қайтариш масалаларини ижтимоий ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгилаб берди.
Мамнуният билан такидлаш керакки, ўтган 28 йилда Ислом Каримов томонидан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Урганч ва бошқа тарихий шаҳарларда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Буюк аждодларимиздан Имом Бухорий, Ал-Фарғоний, Имом Мотрудий, Абу Райхон Беруний, Ибн Сино ва бошқа кўплаб буюк аждодларимизнинг бой маданий мероси тикланди, асарлари чоп этилди. Айниқса, буюк саркарда, соҳибқирон Амир Темур бобомизга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.
Шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоийни халқимизга қайтариб берган, буюк шоир ижодини кенг ўрганишни йўлга қўйган ҳам шу инсон бўлади. Ислом Каримов Навойига шундай таъриф берган эди: “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”. Унинг яна бир хайрли ишларидан бири, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этилишидир.
Биринчи Президентимиз томонидан мамлакат ҳаётининг барча соҳаларини либераллаштириш ва модернизация қилишнинг яхлит тизими шакллантирилди. Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимизнинг дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва бунёдкорона ҳаётини ҳимоя қилишга қодир қуролли кучларни замонавий талаблар бўйича ислоҳ қилиш дастури амалга оширилди. Ислом Каримов халқимизнинг маънавий қадриятларини эъзозлаш, миллий анъана ва урф-одатларимиз, беқиёс тарихий меросимизни қайта тиклаш, сақлаш ва ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқди. Айни пайтда, юртимизда миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган миллий истиқлол ғоясини барча фуқаролар турли миллат ва элат вакиллари, аҳолининг барча қатламлари тўлиқ қўллаб-қувватлаб, ҳаётга татбиқ этмоқда.
Ислом Каримов ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратиб “Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори авваламбор фарзандларимизнинг униб-ўсиб, улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқдир” деганлар. “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт” деб, баркамол авлод фазилатлари ҳақида алоҳида таъкидлаган эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида биринчи Президентимиз ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида “Ислом Абдуғаниевич бутун умрини жонажон Ўзбекистонимиз учун, унинг озодлиги ва буюк келажаги учун бағишлади” деди. Биринчи Президентимизнинг хотирасини абадийлаштириш учун халқимиз кенг жамоатчиликнинг хоҳиш-истаклари ва таклифларини инобатга олиб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан миллий мустақиллигимизнинг асосчиси муҳтарам Ислом Абдуғаниевичнинг сўнмас хотирасига Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳайкал ўрнатилди, Тошкент шаҳридаги халқаро аэропорт, Тошкент давлат техника университети, Асака автомобил заводи, Фарғона шаҳридаги санъат саройи, пойтахтимиз ва вилоятларимиздаги марказий кўчалар Ислом Каримовнинг муборак номлари билан аталди. Самарқанд шаҳрида ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.
Ислом Каримов Ватанимиз равнақи ва юксак тараққиёти йўлида бир-биридан улуғ ва ўта муҳим ишларни амалга оширди. Биз биринчи Президентимизнинг жасорати, фидоийлиги олдида ҳар доим бош эгамиз. Ислом Каримовнинг мамлакатимиз ривожи, юртимиз тараққиётига қўшган ҳиссаси ниҳоятда катта. У ҳар доим ўзини эмас, халқини ўйлади. Она юртимизнинг улуғворлигини тиклади. Биз у кишининг номини буюк давлат арбоби республикамиз мустақиллигининг тамал тошини қўйган инсон сифатида чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этамиз.
Мели ЖУМАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли, Қаттақўрғон шаҳри
Фикрингизни қолдиринг