Янгиликлар 1898
Минтақада илк маротаба гендер тенглиги масаласида Республика семинар-тренинги ўтказилди
Барчамизга аёнки, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан неча йиллардан буён жамият ва давлат ҳаётида аёлларнинг муносиб иштирокини таъминлаш, уларнинг тенг ҳуқуқлилик даражасини ошириш, зиёли, илмий салоҳияти юқори бўлган қизлар сонини кўпайтириш масалалари Сайловолди Дастурда илгари сурилади. Партиянинг ушбу чақириқларига жавобан, Аёллар ва болалар ҳаётини давлат сиёсати даражасига кўтаришда фаол иштирок этиш мақсадида Фарғона давлат университетида «Болажон» инновацион маркази ҳамда «Гендер тенглик масалалари тадқиқот маркази» ташкил этилган эди.
Бугун мазкур марказда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги олима аёллар, гендер тенглик масалари бўйича тадқиқотчи хотин-қизлар, ёшлар, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Аёллар қаноти” таркибидаги фаол аъзолар жам бўлдилар. Сабаби, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ташаббуси билан минтақада илк маротаба Фарғона давлат университетида "Гендер тенгликка эришиш стратегиясини ҳаётга татбиқ этишда хотин-қизларнинг роли" мавзусидаги Республика семинар-тренинги ташкил этилди.
Анжуманда онлайн тарзда “ZOOM” платформаси орқали аёллар билан дийдорлашган Сенат раиси ўз нутқида гендер тенглик масалаларида мамлакатда амалга оширилган ишлар, қонунчиликдаги ўзгаришларни моҳиятини очиб берар экан, бу борада бажаралиши зарур бўлган муҳим вазифалар ва ўз таклифларини ўртага ташлади:
-Илм-фан соҳасида муваффақиятга эришган машҳур ўзбек аёллари номи билан аталувчи стипендия жорий этиш ва уни тақдим этиш механизмларини ишлаб чиқиш орқали миллатнинг олима аёли имиджини яратиб олсак, кўз ўнгимизда худди шундай қизлар шакллана бошлайди”,- дейди Нарбаева ўз сўзида.
Семинарда онлайн иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ушбу тадбирдан кутилаётган натижалар борасида ўз қарашларини билдирар экан, иштирокчи аёлларга ўз сўзлари орқали кучли мотивация берди:
“Ҳар бир олий таълим даргоҳларидаги барака, ривож - шу жойда ишловчи аёлларимизнинг покиза ва фидойи меҳнатлари мевасидир. Мен ҳамиша уларни қадрлайман”, - дейди вазир самимият билан аёлларга.
Тадбир давомида бир қатор нуфузли ҳамкор ташкилотлар - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, “Маҳалла ва оилада гендер
тенгликни таъминлашнинг маънавий-аҳлоқий асослари” Маҳалла ва оила илмий-тадқиқот институти, Дин ишлари бўйича қўмита, Республикаси Ички
ишлар вазирлиги, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Шарқшунослик университети вакиллари гендер тенгликка эришиш стратегияси бўйича ўз мулоҳазаларини баён этдилар.
Мулоқотларда Республикамиздаги олий таълим муассасаларидан ташриф буюрган тренинг қатнашчилари тадбирдан ўзгача куч ва янги ғоялар олганликларини, ўзлари ишлаётган университет ва институтларда Фарғона давлат университетидан андоза олган ҳолда аёлларни бирлаштириб, гендер таҳлиллар олиб боришга иштиёқ уйғонганини яширмадилар.
Аёлларга ҳурмат, оила-турмуш масалалари, гендер тенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, хотин-қизларнинг илм-фан тараққиётидаги ўрни каби масалалар семинар иштирокчилари муҳокама марказида бўлган бўлса, бир жиҳатдан, вилоятлар вакиллари томонидан билдирилаётган фикрлар, таклиф ва тавсиялар гендер масалалари учун янгича ҳудудлараро ижтимоий рангбарангликни ўзида мужассам илмий таҳлиллар яратди.
Эслатиб ўтамиз, "Гендер тенгликка эришиш стратегиясини ҳаётга татбиқ этишда хотин-қизларнинг роли" мавзусидаги Республика семинар-тренинги Фарғона давлат университетида давом этмоқда.
Комила ИСРОИЛОВА,
партия фаоли
Фикрингизни қолдиринг