Янгиликлар 3992
Митинг муаммоларни кўтариш майдони бўлди
Ўзбекистон катта сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлигига ўтказиладиган сайловлар арафасида турибди. Сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда катта аҳамият касб этади. Шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларида сайловолди тарғибот тадбирлари ташкиллаштирилиб, партияларнинг мақсад- вазифаларини очиб бериш учун сайловолди тарғибот-ташвиқот тадбирлари, митинглар ташкиллаштириб келинмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгашининг ҳудди шундай митингларидан бири Чилонзор тумани Миллий стадион худудида “Биз адолат тарафдоримиз!” шиори остида ўтказилди. Митингда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар туман Кенгашлари депутатлари ҳамда номзодлар, кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар, ёшлар ва партия ходимлари иштирок этишди.
Қачон адолат бўлади? Қачонки оддий халқнинг турмуш шароитида, маҳаллаларда, олий таълим юртларида, шифохоналарда ва бошқа соҳаларда ҳам коррупция кўринишлари йўқотилганда. Бу сўзларнинг исботини амалга оширилган ишлар орқали кўрсатиш мумкин. Тадбирда сўзга чиққан партия Тошкент шаҳар Кенгаши фаоллари ҳамда партия Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Б.Валиев барча қатнашчиларни бирликка, бир ёқадан бош чиқаришга чақирди.
Ташкил этилган намойиш жараёнида барча фуқароларимиз томонидан сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қарши курашиш, квоталарсиз таълимни жорий этиш, стипендияларни ошириш, чекка ҳудуддаги фуқаролар учун ҳам иш ўринларини яратиш, пойтахтга вилоятлардан келган ишчи ва талабалар учун прописка муаммоларини ҳал этиш каби масалаларга муносабат билдирилди. Тадбир моҳиятидан келиб чиққан ҳолда жамиятимиздаги айрим адолатсизликларга ойдинлик киритиш масалалари очиқ-ойдин айтиб ўтилди.
Партиянинг ушбу намойиши орқали фуқароларимизга фаоллар томонидан сайловолди дастур содда тилда тушунтирилди. Жумладан, адолатли жамиятни барпо этиш, унда ҳақиқат ва қонунлар устуворлигини таъминлаш каби масалалар ўрин олган. Партия томонидан таълим соҳасида ҳам талабаларни қийнаётган стипендия ва контракт нархларида адолат ўрнатиш, студенталарнинг турар жой муаммоларини ҳал этишга қатор чора-тадбирларни режалаштирган. Шунингдек, партия сайловолди дастурида сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситалариниг айланмасига қарши курашиш, фуқароларимизнинг саломатлигига жиддий ёндашиш каби масалалар биринчи ўринга қўйилган.
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши
Фикрингизни қолдиринг