Янгиликлар 1827
Мобил поликлиника аҳолининг мушкулини осон қилди
Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутати Х.Мавлетдинов ташаббуси билан туман тиббиёт бирлашмаси кўмагида партиянинг “Тиббий маданият - соғлом жамият асоси” лойиҳаси доирасида “Пском” қишлоқ врачлик пунктида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди.
Тиббий кўрикда 220 нафардан ортиқ фуқаро саломатлигини текширувдан ўтказиш имконига эга бўлди. Тиббий кўрикка кўчма мобил поликлиника ҳам жалб этилиб, 30 нафар аҳоли кўз касалликлари шифокори текширувидан ўтди.
– Кўзим хиралашиб, пойтахтга текширув учун боришим керак эди, – дейди меҳнат фаҳрийси Людмила Сорокина. – Малакали шифокорлар хонадонимга келиб, мушкулимни осон қилди, кўзимни текшириб, муолажа тайинлади.
– Сўнгги йилларда нафасим қисадиган бўлиб қолганди, – дейди Машраб бобо Абдуллаев. – Чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида саломатлигимни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислардан зарур тавсиялар олдим. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун шу ишни бошида турган “Адолат” СДП Бўстонлиқ тумани Кенгаши фаоллари ва депутат Х.Мавлетдиновга алоҳида раҳмат айтмоқчиман.
Мазкур лойиҳа доирасида “Адолат” СДП Олмалиқ шаҳар Кенгаши Аёллар қаноти ташаббуси билан ҳам қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Бу галги тиббий кўрикда Олмалиқ шаҳрининг “Алишер Навоий”, “Абдулла Қодирий” “Теракли” маҳаллаларининг 368 нафар хотин-қизлари қамраб олинди. Кўрик давомида 86 нафар фуқарода сурункали хасталиклар аниқланди ва уларга кeракли тавсиялар бeрилди. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган эликка яқин фуқаронинг яшаш жойларига бориб зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. Шунингдeк, 15 нафар фуқарога даволаниш учун имтиёзли йўлланма бeрилди.
- Тадбир доирасида 49 нафар аёллар саломатлиги тиббий кўрикдан ўтказилди. 25 нафар аёлларда камқонлик ва гинекологик хасталиклар аниқланиб, соҳа мутахассисларига йўлланмалар берилди. 12 нафар аёлларда эса сурункали касалликлар аниқланиб, даволаниш тартиби белгилаб берилди. 18 нафарига бепул дори-дармонлар топширилди, – дейди партиянинг Олмалиқ шаҳар Кенгаши Аёллар қаноти раиси Баҳринисо Тангирова.
Фотима САТТОРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг