Молиявий мустақиллик таълим самарадорлигини оширади

27.12.2021 14:12:12

Кейинги йилларда республикамизда ёшлар сиёсати борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Уларни таълим олишига бўлган эътибор, айниқса олий таълимга қамраб олиш суратини кескин ошириш долзарб вазифалардан бирига айланди. Олий таълим муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам айни шу мақсадга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 24 декабрь куни қабул қилинган «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори айтиш мумкинки, бу йўлда яна бир дадил қадам бўлди. Чунки молиявий мустақиллик катта имконият демакдир. Мазкур қонун ҳужжати олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш баробарида ўз ўрнида талабалар учун ҳам қатор янги имкониятлар эшигини очади.

Юқоридаги қарорга кўра 2022 йил 1 январдан 35 та етакчи давлат олий таълим муассасаларига бир қатор ваколатлар бўйича молиявий мустақиллик берилди. Жумладан, таълим хизматлари бозоридаги талабни инобатга олган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш, талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш, таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни қўллай оладиган ва илмий изланиш олиб борадиган маҳаллий ҳамда хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш, ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган хорижий юқори малакали мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилашга оид қарорлар қабул қилиш ва профессор-ўқитувчилар штат бирликларини киритиш меъёрларини ишлаб чиқишни мустақил амалга ошириш мумкин. Ўз-ўзидан юқоридагилар олийгоҳни молиявий ривожлантириш баробарида масъулиятни ҳам оширади. Чунки имкониятдан тўғри фойдаланган ҳолда замон талабидан келиб чиқиб, янги ташаббуслар асосида ишлаш лозим. Қайси бир таълим муассасаси бу масалада оқсоқликка йўл қўйса, таълим майдонида четга чиқиб қолиши мумкин.

Институтнинг ўз маблағлари ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш ҳамда хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни тўғридан-тўғри харид қилиш имкониятини берилиши ҳам жуда ўринли. Иқтидорли талабаларни моддий рағбатлантириш уларни янада изланишига ундайди.

Бугун талабалар замонга мослашган ҳолда жаҳонга юз тутмоқда. Демак улар учун хорижий дарсликлар ва адабиётлар жуда зарур. Бу ҳар бир институтнинг талабидан келиб чиқиб, турлича. Агар олийгоҳ ўз маблағлари ҳисобига бу ишни амалга оширса, янада мақсадли бўлади. Давлатимиз раҳбари шундан келиб чиқиб, бу борада ҳам молиявий мустақилликка алоҳида эътибор қаратдилар.

Кейинги йилларда барча соҳаларда ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда ўзини қўшимча маблағ билан таъминлаш вазифаси қўйилмоқда. Жумладан, бўш турган бино ва иншоотлардан мақсадли фойдаланиш талаб этиляпти. Эндиликда олийгоҳларда ҳам айни шу йўналишда пуллик хизматлар кўрсатиш тартиби белгиланди. Демак ички имкониятларда самарали фойдаланиш орқали ҳам қўшимча пул топиш мумкин.

Умуман олганда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ва давлат олий таълим муассасаларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш таълим сифатини ошишига, пировардида талабаларни бугунги кун талабига мос кадрлар бўлиб етишишига хизмат қилади.

Мадаминжон МАДАЗИМОВ,

Андижон давлат тиббиёт институти ректори.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+