Муаллим эъзозланган юртда юксалиш ва тараққиёт бўлади

01.10.2019 13:10:44

Бир донишмандга, “бунчалар устозингизни эъзозлайсиз, ҳаттоки, ўз отангизданда зиёдроқ” – дея савол беришганида, “отам, яратган изни билан мени кўкдан ерга тушишимга сабабчи бўлган бўлса, устозим мени юксалиб, осмон қадар бўй чўзишимга, ўсиб, камолотга етишимга сабабчидир”, деб жавоб берган экан. Дарҳақиқат, устозлар, ўқитувчи ва мураббийларнинг етук кадрлар камолотида, миллат келажагини бунёд этишдаги ўрни ва ролини жумлаларда ифодалаш мушкул. Буни ўз вақтида англаган халқ, миллат ва давлатгина буюк келажакка муносибдир.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган байрам табригидаги қуйидаги жумла менинг эътиборимни тортди: “Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак!” Буни ҳар бир инсон, ҳар бир раҳбар ўзининг ҳаётий шиорига айлантириши зарур. Ўқитувчи жамиятда энг қадрли инсонга айлансагина, таълимга, ёшлар тарбиясига муносабат ўзгаради. Муаллим эъзозланган юртда юксалиш ва тараққиёт бўлади. Чунки, мамлакатнинг ҳал қилувчи кучи бу билимли ва етук малакали кадрлардир. Уларни фақат, жамиятда обрў ва юқори нуфузга эга бўлган ўқитувчи ва мураббийларгина тайёрлайди.

Юқоридаги эзгу ғоя биз парламент аъзоларига ҳам юксак масъулият билан бирга қуйидаги вазифаларни ҳал этиш заруратини юклайди. Аввало, қонун ижодкорлиги соҳасида — таълим сифатини оширишга, ўқитувчи ва мураббийлар мақомини юксалтиришга хизмат қиладиган қонунларни қабул қилиш, парламент назоратини амалга ошириш борасида — таълим соҳасига ажратиладиган маблағлар хажмини ошириш учун курашиш ва уларнинг мақсадли сарфланишини қатъий назорат қилиш, шунингдек таълим соҳадаги ислоҳотлар, бу йўналишдаги ваколатли давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан таъсирчан парламет назоратини ўрнатиш, ҳудудларда таълим муассасаларининг ҳолати, таълим сифати, ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитларни тизимли ўрганиб бориш фаолиятимизнинг устувор йўналишига айланиши зарур.

Мухтасар қилиб айтганда, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги қадри ва нуфузини юксалтириш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши керак. Зеро, халқ ишонч билдириб, сайланган депутатлар ортида, кўп сонли сайловчилар билан бирга уларни доимо қўллаб-қувватлаб турган, ҳар бир ютуғидан қувонган, таълим ва тарбия берган, камолотга етаклаган устоз ва мураббийлар турганини ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур.

Шуҳрат ЁҚУБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+