Янгиликлар 1365
“Муаммо билан юзма-юз”: фуқароларнинг манфаати йўлида
Аҳолининг муаммо ва таклифларини аниқлашда ҳамда ушбу муаммоларга ечим топиб, халқ билдирган ишончни оқлашда бугунги кунда “маҳаллабай” ва “Хонадонбай” ишлаш тизими ўзининг самарали натижаларини беряпти.
“Адолат” СДП Бухоро шаҳар Кенгаши ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар бунинг яққол далилидир.
Партиянинг Бухоро шаҳар Кенгаши раиси Ж.Жўраев ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати О.Рафиевалар томонидан тузилган ишчи гуруҳ партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида шаҳарнинг “Амир Темур” МФЙда яшовчи фуқароларнинг муаммо ва таклифларини ўрганди. Ўрганишлар давомида ушбу МФЙда яшовчи боқувчисини йўқотган фуқаро Орзигул Ражабова хонадонидаги мулоқотда унинг имконияти чекланган фарзанди борлиги аниқланди. О.Ражабова яшаш шароити оғир аҳволда эканлигини маълум қилиб, ишчи гуруҳга моддий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ишчи гуруҳ ўрганишлар жараёнидан сўнг фуқаронинг мурожаатига ижобий ечим топиш мақсадида тегишли ташкилотга депутатлик сўрови чиқарди.
Шу билан биргаликда ишчи гуруҳ томонидан шаҳардаги “Амир Темур” МФЙ мутасаддилари билан “Темир дафтар”, “Ёшлар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ишлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича МФЙда амалга оширилаётган ишлар юзасидан суҳбат олиб борилди.
Ишчи гуруҳ “маҳаллабай” ва “Хонадонбай” ўрганиши натижасида аниқланган муаммоларни партиявий воситалар ёрдамида бартараф этиш чора-тадбирларини белгилаб олдилар.
“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг