Муаммолар ечимида изчиллик ва масъулият билан

08.07.2021 15:07:34

Албатта халқ ишончини оқлаш, таклиф ва ташаббусларини илгари суриш, ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш – депутатлик гуруҳи аъзоларининг бирламчи вазифаси. Жумладан, халқ депутатлари Тошкент вилояти  Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Гулнора Ахмедова ташаббуси билан Қибрай туман ҳокими ўринбосари Наврўз Алимов ҳамкорлигида Қозоғистон республикаси билан чегара ҳудуд “Туркистон” маҳалласи аҳли билан учрашди. Маҳалланинг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, боқувчиси йўқ, ёлғиз яшайдиган  кексаларининг яшаш шароитлари билан танишиб, уларнинг 20 нафарига 20 турдаги бирламчи озиқ-овқат ҳамда тиббий ҳимоя воситалари тарқатилди. Шунингдек, “Хўжақўрғон”, “Пўлатқадам”  ва “Илғор” маҳаллалардаги мавжуд 6 та озиқ-овқат дўконларининг нарх наволари ва 4 та дорихона дори-дармонларининг етарлилик ҳолатлари ўрганилиб, коронавирус пандемиясини олдини олиш борасида тарғибот ишлари амалга оширилди.

Айтиш жоизки, “Туркистон” маҳалласи марказдан  30 километр узоқликда Қибрай туманининг энг чекка ҳудудларидан ҳисобланади. Айни кунда марказдан йироқлиги боис баъзи масалалар борасида бир мунча қийинчиликлар юзага келади. Жумладан, ёши катта фуқароларимизнинг марказдаги тиббиёт масканларида кўрикдан ўтказиш муаммолари мавжуд. Бугунги кунда “Туркистон” маҳалласида 750 нафар аҳоли мавжуд, шундан 45 нафар кекса ёшдаги шахслар истиқомат қилиб келмоқда. Шулардан 10 нафари ёлғиз, боқувчиси йўқ кексалардир. Сайёр қабулда 15 нафар фуқаронинг турли даражадаги 10 дан ортиқ муаммоси жойида ҳал этилди.  Жумладан, депутат томонидан  кекса ёшдаги нуронийларнинг 10 кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари  ҳамда 4 нафар меҳнат фахрийсига  сиҳатгох учун  бепул йўлланма тақдим этилди. Бундан ташқари, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида муаммолар бир неча йиллардан буён ечимини кутиб ётибди. Улардан бири тоза ичимлик суви билан таъминлашдир. Яқинда депутат ҳаракати билан ҳомий ёрдамида 300 метр қувур тортилиб, маҳалланинг иккита кўчасига тоза ичимлик суви олиб кирилди. Келгусида бу ерда маҳалла гузари, тиббиёт маскани, дорихона қурилиш ҳам режалаштирилмоқда.

Партиянинг вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзоси, саховатпеша  тадбиркор Улуғбек Эрматов томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Бўстонлиқ туманида яшовчи 50 га яқин “Темир дафтар”га кирувчи эхтиёжманд, кам таъминланган оилалар ҳомийликка олинди. Улар 3 ой давомида озиқ-овкат маҳсулотлари билан таъминланди.

Бундан ташқари, карантин даврида Ўртачирчиқ туманида 2 та камбағал оилага 2 та қорамол берилди.  Зангиота туманида янги замонавий иссиқхона барпо этилиб, ёшларга 150 та янги иш ўринлари берилди.  Чиноз туманида ногирон ёш йигит оғир юрак хасталигини даволаш учун 40 миллион ҳомийлик кўрсатилди.

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Маҳмуджон Балтабаев партиянинг “Аҳоли билан юзма-юз” лойиҳаси доирасидаги сайловчилар билан ўтказаётган учрашувларида уларнинг муаммоларини ўрганиб, амалий кўмак бермоқда. Бу эса аҳолининг партияга бўлган ишончининг ортишига сабаб бўлмоқда. Жумладан, халқ вакили М.Болтабоевга  Чирчиқ шаҳрининг “Шарқ”, “Аҳмад Яссавий” МФЙларида маҳалла фуқаролари қатор муаммолар бўйича мурожаат қилдилар.  Мулоқотлар чоғида аҳолидан ҳудудда эскириб қолган сув насосларини янгилаш, электр симёғочларини алмаштириш, йўлларни таъмирлашга доир қатор мурожаатлар келиб тушди. Депутатнинг аралашуви билан “Мусаффо оби-ҳаёт” МЧЖ томонидан масала ижобий ечим топди.

Депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси Мурод Ғуломов ҳам ўзи сайланган ҳудудда аҳоли муаммоларини ўрганмоқда.  Сайловчилар билан мулоқот чоғида “Нурафшон” маҳалла ҳудудида жойлашган Муқумий, Шинам ва Майрамкўл кўчаларида электр симёғочлари эскириб кетганлиги сабаб шаҳар электр тармоқлари  корхонаси раҳбари Баҳром Эрматовга юборган депутатлик сўрови асосида кўчаларга янги симёғочлар ўрнатилди.

Бугунги кунда  “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгашига сайланган  10 нафар депутат партия доимий электоратининг манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир масалаларни нафақат доимий комиссиялар, балки маҳаллий Кенгаш сессиялари ҳамда   аҳолини қийнаётган  долзарб  муаммолар ечимини масъул ташкилотлар раҳбарлари номига депутатлик сўрови орқали ҳал этиб ижобий натижаларни қўлга киритмоқда.

Жорий йил давомида мутасадди ташкилотларга киритилган юзга яқин  депутатлик сўровларининг асосий қисми ижтимоий масалалар ва коммунал соҳага доир муаммолар эканлиги бу борада депутатлар жиддий ўрганишлар олиб бориши зарурлигини ҳам англатади.

Шунингдек, сессияларда депутатлик гуруҳи аъзолари ўз таклиф-мулоҳазалари билан фаол иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, вилоят шаҳар-туманларига олиб борувчи транспорт йўлларининг четида мос равишда ҳудудларнинг номларини ёзиш ва йўл белгилари ўрнатишни тартибга келтириш тўғрисидаги таклиф Кенгаш йиғилишида маъқулланди, барча шаҳар-туман ҳокимларига, тегишли мутасаддиларга аниқ вазифалар топширилди. Шу билан бирга, ҳар душанба куни бўладиган “Ҳокимлик соати”да мазкур топшириқ ижроси назорат қилинди. Айни вақтда туризм йўналиши бўйича ўзига хос ҳудудга айланаётган Тошкент вилоятида бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+