Янгиликлар 1706
Муаммоларга ечимлар, таклифлар, тавсиялардан аҳоли розими?
Жорий йилнинг 24-28 февраль кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда сайловичлари билан учрашувлар олиб бормоқда. Айни пайтда Пастдарғом туманида бўлиб турган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиева Пастдарғом туманидаги Халқ депутатлари маҳаллий кенгаши Котибияти фаолияти билан танишди. 3 нафар ходимдан иборат бўлган Котибият учун туман ҳокимлигида 2 та хона ажратилиб, керакли мобил алоқа воситалари билан таъминланган. Кенгаш ишини ташкил этиш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар берилди.
Депутатга реконструкцияга тушганига қарийиб 2 йилдан ошган собиқ Гўзалкент туғруқ мажмуасида жараён амалга оширилмаётгани юзасидан олдинги учрашувларда мурожаат келиб тушган эди. Ўрганишлар, сайъи-ҳаракатлар натижасида, бугунги кунда Гўзалкент туғруқ мажмуаси ва поликлиника биноларини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилгани ва объектнинг умумий қуввати 2,7 млрд. сўмни ташкил этиши маълум бўлди. Реконструкция ишларига Самарқанд вилояти маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ йўналтирилган. Ҳозирда реконструктура ишлари бошлаб юборилган, бундан аҳоли хурсанд.
Тўғрида, ушбу реконструкция ишлари ниҳоясига етса, 25 ўринли туғруқ, 5 ўринли гинекология, 2 та бригададан иборат тез тиббий ёрдам шахобчаси ва 160 қатновли кўп тармоқли марказий поликлиниканинг 70 минг аҳолига хизмат қилувчи Гўзалкент филиалини жойлаштириш имкони туғилади. Аҳолининг 2 йиллик сарсончиликларини олдини олишга хизмат қилади.
Депутат М.Абдиева тумандаги 59-МТМда бўлиб, яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Ушбу ташкилотда 115 нафар бола қамраб олинган. Ташкилот капитал таъмирланган, табиий газ билан иситилади. Ташкилотда 2 та мактабга тайёрлов гуруҳи фаолият юритаяпти, хурсанд бўларлик жиҳати болалар бемалол матнларни ўқий олишаяпти, савол туғилади, бу боришда ушбу болаларга 1-синфда нима ўргатилади? Муассаса раҳбариятига озиқ-овқат билан таъминлашни марказлашган яъни аутсорсинг хизмати жорий этилиши бўйича тавсия берилди.
111-мактабдаги мавжуд ҳолат билан танишилганда, мактаб собиқ касб-ҳунар коллежи биносида жойлашгани, газ босими пастлиги сабабли иссиқлик тизими яхши ишламаслиги кўзга ташланди. Бино таъмирга муҳтож. Ўқувчилар сони 441 нафар бўлиб, ўтган ўқув йилида 32 нафар битирувчидан 5 нафари ОТМ, 4 нафари техникумларга ўқишга кирган, 8 нафарига эса деҳқончилик учун туман ҳокими томонидан ер берилган.
Аҳамиятлиси, чекка қишлоқ мактаби бўлишига қарамасдан, таълим соҳасидаги “Россия-Ўзбекистон” ҳамкорлиги доирасидаги “Класс” методикаси бўйича рус тили фани ўқитувчиси Россиядан Лариса Филимоновна келиб, ўқувчиларга рус тилини ўргатиш бўйича иш олиб бораяпти. Хорижлик ўқитувчининг яшаб ишлаши учун туман ҳокимлиги томонидан етарли шарт-шароит яратилган.
Депутат М.Абдиева иштирокида Пастдарғом туман ҳокими Шунқор Худойбердиев билан фуқароларнинг сайёр қабули ташкил этилди. 300 нафарга яқин аҳолининг мурожаатлари тингланди. Кишилар қабулга умид билан келишган, энг кўп мурожаатлар уй-жой, кредит, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, соғлиқни тиклаш масалаларида бўлди. Қувонарлиси, мурожаатларнинг 35 таси жойида ўз ечимини топди, 48 мурожаат эгаларига асосли тушунтириш берилди, қолганларига ижобий ечим топиш учун масъулларга аниқ топшириқлар берилди, асосийси бу ечимлардан аҳоли рози.
Хусусан, Фуқаролар Жамшид Умрзоқов Янгиобод маҳалласида яшайди туман деҳқон бозоридан тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ер майдони ажратишда амалий ёрдам сўради. “Каттанайман” маҳалласидан Сарвиноз Худойқулова қўлидан тикиш-бичиш ишлари келишини агар имтиёзли кредит олишга кўмаклашилса бир нечта хотин-қизларни бандлигини таъминлашга ҳисса қўшишини маълум қилди. С.Раҳимова фарзандига шартнома пулини тўлашга кўмак сўради.
Хонбуви ҲАЙТОВА,
Ўзбекистон “Адолат”
Пастдарғом туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг