Муҳаррам Дадаходжаева: Тиббиётда оғриқли масалалар кўп, уларни йўқотиш – ўз қўлимизда!

25.09.2019 17:09:45

 

Юртимиз келажаги, кўп жиҳатдан, соғлом ва ҳар томонлама баркамол ёшларга боғлиқдир. Мамлакатимизда касалликларнинг профилактикасига, чекка қишлоқлардаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини яхшилашга хизмат қилувчи давлат дастурлари амалга оширилмоқда. Давлат бюджетининг учдан бир қисми соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётир. Партиямиз мазкур чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди. Зотан, сўнгги йилларда ушбу соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда аҳоли умри давомийлиги бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилди, оналар ва болалар ўлими уч баробардан кўпроқ қисқарди. Буларнинг барчаси халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътирофини топмоқда.

Шунга қарамасдан соҳада ҳали ечимини кутаётган масалалар талайгина. Шу боисдан, Дастурдан соғлиқни сақлаш масалаларига янада кенгроқ тўхталиб ўтилишини таклиф қилиб қолардим. Бунда айниқса, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ушбу масалалар бўйича шаклланган экспертлар гуруҳи томонидан энг муҳим йўналиш бўйича белгиланган вазифалар амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналиш юзасидан соҳа мутахассислари, экспертлар ва тегишли ташкилотлар вакилларини ҳамкорликка жалб қилиниб, аҳолимизни қийнаётган муаммо ва камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш чоралари хусусида ўрганишлар, фуқаролар билан очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ташкил қилиш ишлари белгиланган.

Ўрганишлар яна бир оғриқли масала, яъни, патронаж хизмати фаолиятининг самарадорлигини ошириш билан боғлиқ қатор муаммо ва камчиликларга барҳам бериш муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатмоқда.  Масалан, аҳолини мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш соҳасида ҳалигача ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилмаган. Патронаж ҳамшираларининг юкламалари, улар топширадиган ҳисоботлар ҳаддан зиёд бўлиб, бу уларнинг зиммасидаги вазифаларнинг тўлақонли бажарилишига тўсқинлик қилмоқда. Мазкур соҳа ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошири)нинг узлуксиз тизими жорий қилинмаган. Патронаж ҳамшираларга белгиланган меъёрга нисбатан кўп аҳоли бириктирилгани ҳам ечилиши зарур бўлган масалалардан ҳисобланади.

Муаммоли мурожаатлар ўз ечимини топиши учун биз мазкур йўналишни чуқур таҳлилий ўрганиб, дастурга энг асосий йўналиш сифатида киритишимиз даркор, деб ўйлайман.

Яна бир муҳим масала - фуқаро тиббий маданиятини юксалтириш. Бинобарин, бу унинг эртанги соғлом ҳаёти гаровидир. Бугун албатта ҳар бир фуқаро нафақат билимли шифокордан даво топиши, балки замонавий асбоб-ускуналардан, тиббиёт анжомларидан бемалол фойдаланиши шарт десам, муболаға бўлмайди.

Мазкур масалалар сайловолди дастуридан ўрин олса, партиямиз тиббиёт соҳасида аҳолини қийнаётган кўплаб масалаларга ечимини таклиф этган ва сайловчилар олдида ҳам қуруқ гаплар билан эмас, амалий таклифлар билан кириб борилар эди.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+