Қурултойдан онлайн: Мукаммал ва халқчил дастур халқ манфаатларини ҳимоя қилади

02.11.2019 10:11:45

 

Кейинги йилларда баландпарвоз гаплардан кўра одамларнинг дардини тинглаб, аҳоли билан яқин алоқада ишлаш партиямиз депутатларининг асосий вазифасига айланди. Бу очиқ мулоқотлар аҳолини сиёсий партияларга муносабатини тубдан ўзгартирмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги дастурлари ҳам шу ҳаётий жараёнларни чуқурлаштиришга хизмат қилади, албатта. Бу эса сайловлар демократиянинг муҳим тамойилларига тўла жавоб берадиган даражада ўтиши учун муҳим саналади.     

Партиямизнинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурини ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик муҳокамаси орқали ижтимоий ҳаётни ўзида акс эттирган долзарб масалалар юзасидан асослантирилган таклифлар жамланганлиги диққатга сазовор. Зеро, партиямизнинг номи халқ дилига яқин экан, у ўз номига муносиб бўлиши, унинг дастури халқчил ва мукаммаллиги билан ажралиб турмоғи лозим.

Жиззахлик сафдошлармиз ҳам Сиёсий ва Сайловолди дастурларимиз лойиҳаси учун, жумладан, ёш ташаббускор кадрларни танлаш ва уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ёшлар муаммоларини ўрганиш ишларини тизимли ташкил этиш, имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида таклифлар билдиришди. Ёшлар — келажакнинг ишончли ворислари. Ҳар бир давр ёшларининг билим даражаси, дунёқараши, ўй-фикри, маънавий қиёфасига қараб ўша жамиятнинг эртанги кунини аниқ тасаввур этиш мумкин.

Қурултойда қабул қилинажак дастурларимиз давлат ҳокимияти идораларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтиришга хизмат қилади. Негаки, жамоатчилик бевосита давлат ва жамият бош­қарувига аралашиши керак. Мамлакатимизда шу тариқа давлат ва халқ ўртасидаги чамбарчас боғлиқликни янада кучайтириш мумкин.

Ишончимиз комилки, партиянинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган сайловолди дастури мамлакатимизни бундан-да тараққий этишига, халқимиз осойишталиги ва фаровонлигига хизмат қилувчи дастур бўлади.

Ҳосилбек АБДУРАСУЛОВ,

халқ депутатлари Дўстлик тумани Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+