Мукофот янги марралар сари чорлайди

04.01.2020 15:01:04

Бугун қалбим қувончга ва ҳаяжонга тўлди. Сабаби Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари сафида туриб  мамлакатимизнинг келажаги, ривожи учун ўз ҳиссамни қўшаётганимдан беҳад хурсандман. Бу мен учун катта бахт.

Бизнинг бетакрор, гўзал юртимиз, олижаноб халқимиз бор. Мана шундай юртда яшаш, шу азиз Ватаннинг фарзанди бўлиш ва унга хизмат қилиш буюк шараф.

Умримнинг унутилмас саҳифаси бўлиб муҳрланаётган ушбу кунда айта оламанки, ҳаётимда қувончли кунлар кўп бўлган. Лекин,  камтарона хизматларимни инобатга олиб “Адолат” кўкрак нишони билан тақдирланганимда бошим кўкка етди.

Ушбу мукофот нафақат менга, балки мен билан ёнма-ён фаолият олиб бораётган  партиянинг  Сурхондарё вилояти Кенгаши аъзоларига, фаолларига барча партиямиз аъзоларига, юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида тинимсиз меҳнат қилаётган касбдошларларимга  берилган юксак эътибор намунаси, деб биламан.

Жорий йилги сайловлар мутлақо янги сиёсий шароитда, партиялараро кучли рақобат асосида, ғоялар ва дастурлар курашига бой вазиятда бўлиб ўтганлигига барчамиз гувоҳи бўлдик.

Мазкур жараёнда нафақат сайлов комиссиялари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, балки ўзи, оиласи, қолаверса, эл-юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро муҳим сиёсий тадбир ҳисобланган сайловга масъулият билан ёндашди.

Муҳим сиёсий жараёнда партиямизнинг халқимиз орасидаги танилувчанлигини оширишдаги муносиб меҳнатлари учун берилган мукофот соҳиблари,  бир гуруҳ партия фаоллари орасида мен ҳам борлигимдан ниҳоятда  бахтиёрман.

Бу мукофот менга билдирган ишонч билан бирга, катта масъулият ҳам юклайди. Фаолиятим мобайнида бундай ишончни оқлашга, Ўзбекистонимизга сидқидилдан хизмат қилишга бор кучимни сафарбар этаман.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+