Муносабат: Ишончли, ташаббусли, истиқболли очиқ мулоқот

22.08.2024 17:08:01

Янги Ўзбекистон тараққиётида давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти янги бир миллий институт, дунё тажрибасида деярли ўхшаши йўқ механизмга айланганлиги бугунги Нукус мулоқотида яна бир бор ўз тасдиғини топди. Гап шундаки, мамлакатимиз Президентининг бизнес вакиллари билан ўтадиган учрашуви шунчаки мулоқотга асосланмайди, балки соҳадаги муаммолар ўртага ташланиб, аниқ ечимлар берилади. Масалан, 2021 йилда бўлиб ўтган илк очиқ мулоқот натижалари бўйича 57 та, 2022 йилда 55 та, ўтган йили эса 56 та ташаббус илгари сурилиб, ўзининг ижобий ечимини топди.

Муҳими, бугун тадбиркор давлат ҳимоясида эканлигига ва унинг фаолиятига ҳеч ким аралаша олмаслигига, тўсиқ қўяолмаслигига ишонди. Бу ишончнинг ҳуқуқий асослари тегишли қонунларда ўз аксини топаётганлиги барқарор иқтисодий ўсиш ва ривожланишга интилаётган Ўзбекистон тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида салмоқли қадамлар қўяётганлигини билдиради. Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатда бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган 3 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги асосли далилдир.

Таъкидлаш жоизки, очиқ мулоқотнинг кўлами ҳам, қамрови ҳам йилдан йилга ортиб боряпти. Ҳар йилги учрашувлар бир-биридан ўзгача таклифлар, тавсиялар, ташаббуслар, янги бир ислоҳотларнинг бошланиши билан ажралиб турибди. Хусусан, ўтган очиқ мулоқотлар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши,  “Бизнесни ривожлантириш банки”, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамиятлари ташкил этилди.

Қолаверса, кўплаб тадбиркорларни қийнаб келган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган солиқ ислоҳотлари жорий қилинди. Юртимизда Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилиши ҳам соҳадаги катта қадамлардан бири бўлди. Бу эса ўз навбатида, тадбиркорларнинг ўз устида ишлаши, бизнесини ривожлантириш учун изланиши, соҳага илмий ёндошган ҳолда Ўзбекистон миллий брендини яратиб, дунё бозорларидан ҳеч иккиланмай ўрин олишига, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришига  олиб келади.

Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистондаги учрашувда айнан шу каби масалаларга алоҳида тўхталиб, бу маконда бизнес қилишнинг бошқа ҳудудларга нисбатан 3 та устунлиги борлигига, яъни, имтиёзлар пакети кўплиги, ер ажратишнинг содда тизими, катта бозорларга чиқиш учун қулайлигига эътиборни қаратди. Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбирда барча ҳудудлардан 300 га яқин тадбиркор ва инвестор, шунингдек, хорижда ўз бизнесини йўлга қўйган 40 дан ортиқ ўзбекистонликлар, 1000 дан ортиқ бизнес вакиллари ҳудудий студиялардан иштирок этди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, сўнгги йилларда анъанага айланган бу мулоқот соҳадаги тизимли муаммоларни ҳал этиши, таклифлар муҳокама қилиниши ва янги қулайликлар яратиши билан ишбилармонлар кутадиган тадбирга айланди. Чунки,  тадбиркорлик маълум доира вакиллари эмас, балки оддий халқ орасида оммалашаётган катта тармоққа, алоҳида тизимга айланди. Мамлакатимизда яратилган бизнес муҳити барчага тенг имкониятлар бераётганлиги, қулай тадбиркорлик шароитлари шаклланиб, Ўзбекистон ишбилармонлар юртига айланиб бораётгани  Ўзбекистон Президенти томонидан ижобий баҳоланди.

Жумладан, бу йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етди. Йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайди. Айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошди. Солиқ, банк, молия, бутун иқтисодиёт комплекси “маҳаллабай” ва “мижозбай” ишлаётгани натижасида олдин зарар билан ишлаган 16 минг корхона ярим йилда 6,5 триллион сўм фойдага чиқди.

Бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди. Хусусий секторда 5 миллион сўмдан кўп маош оладиган ишчилар 1 миллиондан ошди. Қўшни давлатлар билан алоқалар мисли кўрилмаган даражага чиқди. Ўзбекистон маҳаллий корхоналар учун ҳам, чет эл компаниялари учун ҳам катта бозорга, минтақадаги саноат хабига айланиб улгурди. Яқинда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошди. Жорий йил олти ойда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди.

Давлатимиз раҳбари бундай рақамлар 33 йиллик тарихимизда бўлмаганлигини эътироф этган ҳолда, тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда бешта йўналишда янги ташаббусларни, хусусан, кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурсларни кўпайтириш, бизнесни инфратузилма, ер ва энергия билан таъминлаш, ички бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, хизматлар соҳасини такомиллаштириш, бизнес учун тўсиқ ва ғовларни янада қисқартиришни илгари сурди.

Албатта, бу каби ташаббуслар ҳам давлат органларидан, ижро ҳокимияти ҳамда тадбиркорлардан катта масъулиятни талаб қилади. “Тадбиркор – элга мададкор” нақлини ҳаммамиз биламиз. Лекин, шундай катта масъулиятни зиммасига олган тадбиркорни ўзига ким мададкор? Президент таъкидлаганларидек, агар қайси ҳоким ўз ҳудудининг гуллаб-яшнаб, тараққий топишини истаса, аввало, тадбиркор ва яна бир бор тадбиркорга чинакам мададкор бўлиши керак. Ҳар бир тадбиркор ва ишбилармоннинг ортида Президент турибди!”.

Ҳақиқатдан ҳам ишбилармон доира вакиллари ушбу кунни интизорлик билан кутган эдилар. Давлат раҳбари ҳам уларнинг фаол таклиф ва ташаббусларини катта бир ишонч, умид ва қизиқиш билан тингладилар. Зеро, тадбиркорларга Президентнинг ишончи қанчалик зарур ва аҳамиятли бўлса, давлат раҳбарига ҳам бугунги глобаллашув даврида, жадаллашаётган ислоҳотлар жараёнида, Янги Ўзбекистон тараққиётида кимлар елкадош, юрт ривожи йўлида ким ватанпарвар бўлиши ҳам жуда муҳимдир.

 

 

Гулруҳ АГЗАМОВА, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+