Муносабат: Менинг ҳам юксак орзуларим бор

11.07.2024 17:07:38

«Умр — оқар дарё», деб бежиз айтишмаган экан. Кечагина бизларни мустақиллик болалари деб эркалар эдилар. Биз мустақил Ватаннинг бағрида эркин ўсдик, у бизнинг қалбимиздан мустаҳкам жой олди. Ғурур ва ифтихор билан бугун йигитлик палласига етиб, руҳимиз шижоатга, жисмимиз кучга тўлди. Ҳа демай, олий ўқув юртини битириб, мустақил ҳаётга қадам қўямиз. Олдимизда улкан марралар кутиб турибди. Танлаган мутахассислик бўйича ишга кириб, оиламиз ва эл-юртимиз учун сидқидилдан хизмат қила бошлаймиз.

Буни мен шахсан ич-ичимдан ҳис этяпман. Тан олиш керак, ота-онамиз давр тақозосига кўра билимни китобдан, маърифатни газетадан ўқиб-ўрганишган. Бизнинг давримизга келиб, телефон ва компьютер ақлу шууримизни ўзига оғдириб олди. Гўёки китоб аҳамиятини йўқотиб, иккинчи даражали матоҳга айланиб қолгандай туюлди. Балки ўтиш даври туфайли шундай ҳолат юз бергандир. Энди бу нуқсонни енгиб ўтиш қийин кечмоқда.

Лекин шуни англаб етдимки, китоб, барбир, ҳар қандай ихтиронинг онаси экан. Болаларни ёшликдан китоб ўқишга ўргатиш энг тўғри йўл эканлигини англаб етдим. Бу ишнинг бошида ота-оналар турмаса бўлмайди. Шунингдек, боғчаларда ҳам болаларда китобга меҳр уйғотиш керак.

Шу пайтгача ҳеч бир мамлакатда китоб ўқиган болага автомашина ёки пул мукофоти берилмаган. Лекин мамлакатимиз Президенти шу ишни қилди, энг кўп китоб ўқиган болага машина берди, пул берди. Натижада минг-минглаб тенгдошларим тавсия этилган юзлаб бадиий китобларни ўқиб чиқишди. Ва улар учун китоб ҳар қандай бойлик, мансаб ва манфаатдан устун бўлиб қолди. Энди улардан дунёга келадиган янги авлод шак- шубҳасиз китобхон авлод бўлади. Уларнинг хаёлини ҳавойи майллар чувалаштира олмайди.

Шу ўринда яна бир ҳақиқатни айтиб ўтиш керак, ота-оналаримиз қийин даврда яшадилар, ўқидилар, лекин уларга биздаги каби имконият эшиклари очиб берилмаган эди. Бугунги ёшлар дунёнинг нуфузли олийгоҳларида билим олмоқдалар, билимини халқаро олимпиадаларда синовдан ўтказиб, юқори натижаларга эришмоқдалар ва дунёдаги етакчи компанияларда муносиб лавозимларда ишламоқдалар. Уларни ҳам юрт байроғини юксакларга кўтарган чемпионлардан камлик жойи йўқ.

Ёш авлоднинг бахти учун, унинг фаровон келажаги учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча шарт-шароитни яратиб бермоқда. Бир гал Президентимиз: «Кўп нарсаларга кечикканмиз. Лекин энди ҳаракат қилмасак бўлмайди!» деганди. Ўшанда бир қадар ёш эдим, лекин юрагим бир қадар ҳапқириб кетганди. Куни-кеча юрт раҳбари Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган видеоселекторда иқтидорли йигит-қизларнинг ютуқларидан қувониб турганини кўриб, ич-ичимдан хурсанд бўлиб кетдим.

Менинг ҳам юксак орзуларим бор. Улардан бири — доимо ота-онамга раҳмат келтириш бўлса, иккинчиси — эл-юртга манфаат етказиш. Учинчиси — орзуларимнинг ушалиши.

Шаҳзодбек НЎМОНОВ,

«Адолат» СДП

Наманган вилоят Кенгаши

«Ёш адолатчилар» қаноти раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+