Янгиликлар 375
Муносабат: тадбиркор – элга мададкор!
Халқимиз ҳиммати баланд инсонлар қадр-қимматини ҳамиша юксак қадрлаган. Сабаби, тадбирли кишилар энг мураккаб масалалар қаршисида ҳам эсанкираб қолмай, ҳар қандай вазиятдан йўл топиб олиши билан ажралиб турганлар. Шунинг учун ҳам Амир Темур ўз тузукларида: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир”, деб ёзган эдилар.
Шу жиҳатдан олиб қаралганда, мамлакатимизда айниқса сўнгги йилларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинаётганлиги бежиз эмас. Анъанага айланган ҳолда жорий йилнинг 20 август куни Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтган навбатдаги очиқ мулоқоти ҳам соҳадаги тизимли муаммоларни ҳал этиши, таклифлар муҳокама қилиниши ва янги қулайликлар яратиши билан ишбилармонлар кутадиган тадбирга айланди.
Таъкидланганидек, тасдиқланган режадан ташқари, тадбиркорлар кўтарган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланди, 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилди. Энг муҳими, маҳалладаги кичик лойиҳадан тортиб, мега лойиҳагача қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилди.
Давлат раҳбари ўз сўзида “тадбиркор – элга мададкор” деган нақлда чуқур маъно борлигини, лекин шундай катта масъулиятни зиммасига олган тадбиркорни ўзига ҳам мададкор бўлиш кераклиги, бунинг учун қайси бир ҳоким ўз ҳудудининг гуллаб-яшнашини истаса, аввало, тадбиркор ва яна бир бор тадбиркорга чинакам мададкор бўлиши кераклиги ҳақида таъкидлаб ўтдилар.
Умуман олганда, мазкур очиқ мулоқотда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси келгусида мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожланишига олиб келадики, бу албатта, юрт равнақи, эл маъмурчилиги, аҳолини меҳнатга банд қилишга хизмат қилади.
Музаффара АБДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг