Янгиликлар 1200
Мурожаатлар тақдири: Уйсиз қолган аёл шароити депутат эътиборида
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниеванинг Бағдод туманидаги сайловчилар билан навбатдаги учрашуви кўплаб муаммоларнинг ижобий ечим топишига хизмат қилди.
Жумладан, туман ҳокимлигининг мажлислар залида МФЙлардаги фаол аёллар билан суҳбат ташкил этилиб, уларга янги қонун лойиҳалари мазмун-моҳияти етказилди, шу билан бирга, таклиф ва мурожаатлари тингланди.
“Матқулобод” МФЙда яшовчи Мавжудахон Юнусалиева туғиш ёшидаги аёлларни мажбурий тиббий-кўрикдан ўтказиш таклифини берди. “Хўжақишлоқ” МФЙда яшовчи Санобархон Солиева туманда болалар кардиожарроҳи йўқлиги, мутахассис зарурлигини билдирди. Шунингдек, “Қирқволида” МФЙдаги фермер хўжаликларида кўплаб фуқаролар узоқ муддат давомида кунбай ишлаши, меҳнат дафтарчаси юритилса мақсадга мувофиқ эканлиги, алимент ундириш масаласи бўйича фикрлар тингланди. “Гулистон” МФЙ Қосимобод қишлоғидаги фуқароларнинг табиий газга уланиш муаммоларига оид мурожаати юзасидан туман ҳудудгаз таъминоти раҳбари билан учрашилди. “Сайидобод” МФЙда яшовчи Муҳаббатхон Тешаеванинг оилавий боғча очиш бўйича мурожаати туман мактабгача таълим бўлими мудири Озодахон Зияева билан муҳокама этилиб, тегишли тартибда ҳал этиладиган бўлди.
Тумандаги “Чекмирзобод” МФЙ, Барҳаёт кўчаси, 11-уйда вақтинча яшовчи Санобархон Нажиеванинг уй-жой билан таъминлаш масаласи бўйича мурожаати ҳам эътиборсиз қолмади.
Маълум бўлишича, аёл аввал “Қўғоли” МФЙ, Болғоли қишлоғида 30 йил рўзғор қилган. Эрининг вафотидан сўнг икки фарзанди (улардан бирининг ногиронлиги бор) билан турмуш ўртоғининг қариндошлари хонадонидан чиқариб юборган. Ҳозирда 48 ёшли аёл икки укаси оиласи билан яшайдиган ҳовлига кўчиб келган. Бундан ташқари, пилла ширкати билан шартнома асосида тут плантацияси учун олган ерига қайноғаси ноқонуний уй қуриб олган.
г.Саидғаниева депутат ёрдамчиси Э.Холматов, маҳаллий Кенгаш котибияти мудири Д.Абдуқодирова, партиянинг туман Кенгаши раиси Э.Абдувалиева билан биргаликда аёл шароитини ўрганиб, суҳбатлашдилар. Маҳалла раисига аёлни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уй-жой билан таъминлаш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди.
Депутат ўрганишларининг иккинчи кунида туман Кенгаши депутатларининг 43-навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди. Сессия кун тартибига фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллар) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, "Аёллар дафтари"ни юритиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимидаги муаммолар киритилди.
ОМҚП депутати сайлов қонунчилиги бўйича маъруза қилди ва сессия қатнашчиларининг саволларига жавоб берди. Депутатлар г.Саидғаниевага open budget, smart market ва бошқа электрон тизим муаммолари, банк-кредит сиёсати ислоҳоти, қишлоқларда ҚВПлар очиш каби кўплаб республика даражасидаги тизимли муаммоларни етказдилар. Туман кенгаши депутатлари муаммолар ечими юзасидан ўз таклифларини билдирди.
г. Саидғаниева кўтарилган масалалар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга депутат сўрови ва хат тайёрлади.
“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг