Мурожаатнома – ислоҳотлар дебочаси

25.01.2021 21:01:30

Барчамизга аёнки, партиямизнинг сайловолди дастурида скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ комплекслари, гинекологик ва патронаж хизматлари фаолиятини доимий яхшилаб бориш масалалари илгари сурилган. Айниқса, соғлиқни сақлаш бўйича ислоҳотларни давом эттириш ва юқори даражага кўтариш келгуси беш йилликдаги муҳим вазифамиз этиб белгиланган.

Ушбу соҳага бош ташаббускор сифатида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатаётган катта эътибори биз шифокорларни ва аҳолини мамнун этмоқда. Куни кеча Олий Мажлис палаталари орқали кенг жамоатчиликка эълон қилинган Мурожаатномада ҳам мавжуд имконият ва салоҳиятимиз, пандемия даврида орттирган тажрибамиз ҳамда хориждаги илғор ютуқлардан фойдаланиб, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларимизни янги босқичга кўтариш, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлиши лозим эканлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши давлатимиз раҳбари томонидан Мурожаатномада таъкидланди.

Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратиш зарур, сифатли тиббий хизматни ташкиллаш мақсадида шаҳар-туман  аҳолисига сутка давомида мунтазам хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари -  перинатал, скрининг марказлари  иккинчи босқич мақомида туради. Шу боис биринчи навбатда мазкур муассасалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий аппаратура ва тиббий жиҳоз билан таъминлаш энг катта эҳтиёжларимиздан биридир. Натижада вилоятларда оналар ва болаларда ўлим хавфини келтириб чиқарувчи кўплаб омиллар бартараф этилишига эришамиз.

Биз билдираётган бу каби таклиф ва эҳтиёжларнинг барчаси келажакда соғлом авлодни вояга етказиш, аёлларимизни саломатликларини мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом муҳит яратиш учун интилишдир. Зеро, Мурожаатномада барча йўналишлар ривожи йўлидаги камчиликлар ҳам бирма-бир таҳлил этилган.

Шубҳасиз, аҳоли соғлом турмуш тарзини шакллантириш, унинг саломатлигини асраш йўлида белгиланаётган барча чора-тадбирларга мазкур Мурожаатнома дебоча бўлиб хизмат қилмоқда. Зеро, 2021 йилга ном берилишида ҳам бўлажак ислоҳотлар бўй кўрсатиб турибди. Бу бир томондан биз шифокорларнинг ютуғимиз бўлса, бир томондан жорий йилда янгича сафарбарлик руҳида, жадал суръатларда ишламоғимиз зарурлигини англатади. Шундай экан, Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини чуқур англаган ҳолда, унда белгиланган вазифаларни ҳеч иккиланмасдан бажаришга,  аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида  сидқидилдан хизмат қилишга биз  - шифокорлар, тайёрмиз!

 

Манзурахон  САЛИМОВА,

Фарғона вилоятининг “Она ва бола” скрининг маркази раҳбари.

Ўзбекистон “Адолат” СДП  Халқ депутатлари Фарғона вилоят

Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+