Янгиликлар 3493
Мурожаатнома муҳокамаси давом этмоқда
Бугун Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси билан ҳамкорликда «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиёт-юрт тараққиёти кафолати» мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини атрофлича ўқиб-ўрганиш ва муҳокама қилиш мақсадини ўзида мужассам этган тадбир Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида ташкил қилинди. Унда партиянинг ҳудудий Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаши депутатлари, фаоллар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишни партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қаипбергенов кириш сўзи билан очди ва мамлакат тарақкиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда дастурий ҳужжат ҳисобланган ушбу мурожаатнома ҳар бир соҳа вакили учун истиқболни, мақсад ва вазифаларни белгилаб олишда дасутириламал бўлишини таъкидлади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия депутатлик фракцияси аъзоси, юридик фанлари доктори Рашид Маткурбанов «Ўзбекистон Республикаси Предентининг Олий Мажлисга мурожаатномасида ҳуқуқий демократик давлат ва одил фуқаролик жамиятини барпо этиш масалалари» мавзусида маъруза қилди.
Эътироф этилганидек, судлар мустақиллигини таъминлаш, бошқарувда очиқлик, ошкоралик ва ҳисобдорликни ошириш, “электрон ҳукумат”ни жорий этиш, “прописка”дан ўтиш тизимига янгича ёндашиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш каби долзарб вазифаларнинг ижроси жамият ҳаётида адолат тамойили устуворлигини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, йиғилишда Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати, тарих фанлари доктори Яхшибека Абдуллаева ҳам сўзга чиқиб мурожаатнома билан бевосита танишган ҳар бир инсон ундан ўзига хос таассуротга эга бўлишини ва албатта ўринли хулосалар чиқара олишини таъкидлади. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг таклифи билан мамлакатимизда 2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланиши қалбимизни жунбушга келтирди. Бинобарин, илм-маърифат ривожисиз юрт тараққиётига эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Таъкидланганидек, муҳтарам Президентимиз томонидан олий таълим муассасалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш, кириш имтиҳонларини соддалаштириш таклиф қилинди. Айниқса, олий маълумотлилар сафини шартнома асосида эмас, давлат гранти асосида ўқувчи талабалар ҳисобига оширилиш лозимлиги барчанинг кўнглидаги истак бўлди. Бу борада Ўзбекистон «Адолат» СДП олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, ўқув юртлари учун умумий қабул квоталарини белгилаш тажрибасидан воз кечиш механизмини ишлаб чиққан.
Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази директори сўз олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатида таълим жарёнини тубдан ислоҳ қилиш учун бир қанча устувор вазифалар белгилаб берилганини айтиб ўтди. Биринчидан, мактаб таълимида математика, биология, кимё, физика фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўтилишини таъминлаш; иккинчидан, ПИСА-ҳалқаро баҳолаш концепциясини кенг жорий этиш ва энг юқори рейтингда турувчи мамлакатлар қаторига чиқариш назарда тутилаяпти. Бу ижобий ва салмоқли натижа бериши аниқ. Учинчидан, юқори малакага эга бўлган ўқитувчиларнинг ойлик маошларини икки баробарга ошириш, таълимда ўқув услубий материаллар, ўқув дастурлар сифатини ошириш, ўқув юкламаларини қайта кўриб чиқиш тавсия этилди. Демак, кўришимиз мумкин, таълим соҳасидаги инқилобий ўзгаришлар Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнашида, юртимизда илмли-маърифатли инсонларнинг кўпайишида асос бўлади.
Тадбирда сўз олган партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Раўаж Отарбаев мурожаатномада сиёсий партиялар олдига қўйилган вазифаларга тўхталиб, халқ қабулхоналари билан ишлаш, сайловчилар билан доимий мулоқот ўрнатиш масалаларига тўхталди.
Мана шундай тадбирлар Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг барча ҳудуларида ташкил қилинмоқда.
Айшолпан ОРАЗИМБЕТОВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг