Мурожаатнома Янги Ўзбекистонимизни соғлом халқимиз билан бирга қуришга хизмат қилади

20.12.2022 18:12:53

Ҳурматли Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси тарихий аҳамиятга эга бўлиб, юртдошларимиз томонидан илиқ кутиб олинди.

Мурожаатномада илгари сурилган барча илғор ғоялар тизимли ишлаб чиқилган бўлиб, фуқароларнинг яшаш шароитини, соғлом ҳаётини яхшилаш орқали мамлакатимиз тараққиётини ривожлантириш, ҳар бир инсонни бахтли ва саодатли, ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун хизмат қилади.

Мурожаатномада, Давлатимиз раҳбари эришилган ютуқлар, жумладан, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг сони ортиб бораётгани, нафақаларнинг, кам таъминланган оилаларга ажратилган даромадларнинг босқичма-босқич оширилгани, экспорт рақамларининг ўсиб бораётгани, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, аҳолига сифатли таълим ва тиббий хизмат кўрсатишга эришилаётгани ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг барчаси мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг самараси эканлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, бугунги таҳликали кунда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳасига татбиқ этилган илғор ғоялар натижасида бир қатор соҳалар меҳнаткаш халқимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга замин яратди.

Шу ўринда, Онкология соҳасига қаратилган эътибор, унда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда инсон саломатлиги энг муҳим масалага айланиб бораётганини кўрсатмоқда.

Сўзимиз исботини биргина онкология соҳасида кузатадиган бўлсак, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиалига, Чехия давлатида ишлаб чиқилган «Терабалт» Нур аппаратининг олиб келиб ўрнатилиши, замон талаблари асосида қуриб битказилган, замонавий тиббиёт моддий техника базаси билан таъминланган, 50 ўринга мўлжалланган «Жарроҳлик мажмуаси» ҳамда «Патомарфология бўлимида янги иммунагистахимик текширув методи» бўлими халқимизга фойдаланиш учун топширилди. Натижада, фуқароларимизга қулайлик яратилиб, уларни қийнаб келаётган сарсонгарчиликларга барҳам берилди.

Марказга маҳаллий бюджетдан 700,0 млн сўм ажратилиб, беморлар учун республикадаги етакчи мутахассисларининг онлайн консультацияларини ташкил қилиш мақсадида телемедицина жиҳозлар ва замонавий асбоб ускуналар харид қилинди. 

Шунингдек, айрим юқори технологияли жарроҳлик амалиётларини яъни, аёллар репродуктив системаси онкологик касалликлари ҳамда буйрак ва ичаклардаги ўсма касалликларида лапароскопик амалиётларини бажариш йўлга қўйилди. Йигирмадан зиёд ходимимизни чет давлатларга бориб, тиббий малакасини ошириб келишига имконият яратилди.

Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий маркази Хоразм филиали ҳамда Россия Федерациясининг Н.Н.Петров номидаги онкология маркази ўртасида меморандум имзоланиши натижасида ушбу марказнинг етакчи мутахассислари юртимизга ташриф буюриб, мураккаб жарроҳлик операцияларини ўтказдилар. 

Жорий йилнинг апрель, май ойларида филиалимизнинг 20 нафар мутахассиси ушбу марказда бўлиб ўз малакаларини ошириб келишди. Бунинг учун вилоят бюджетидан 500 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди.

2021 йилнинг февраль ойида эса 1 миллион 400 минг АҚШ долларлик қийматдаги Чехия давлатида ишлаб чиқарилган юқори технологик “КОБАЛЬТ-80» номли энг сўнги русумдаги “Гамманур» терапия аппарати ўрнатилиб, беморларда нур терапия муолажалари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, 2023 йилда Давлат хусусий шерикчилиги асосида Хоразм вилояти аҳолисига замонавий нур бўлими ва жиҳозларининг ишга туширилиши аҳоли учун кўплаб қулайликларни яратиб беради.

Амалга оширилган ва режадаги бу каби қатор ислоҳотлар мамлакатимизда инсон қадр-қимматини юксалиб бораётганлигининг далолатидир. 

Бир сўз билан айтганда, Мурожаатнома ўзининг халқчиллиги билан келгуси «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» да ўзининг самарали натижасини кўрсатишига ишонамиз.

Зеро, инсон соғлом ва билимли бўлсагина кучли давлат барпо этилади.

Тоҳиржон ПАЛВАНОВ,

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология

илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиали директори,

«Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+