Мурожаатномадан келиб чиқадиган вазифалар

05.01.2023 10:01:06

Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган навбатдаги Мурожаатномаларида мамлакатимиз тараққиёти билан боғлиқ долзарб масалалар кўтарилди. Жумладан, 2023 йил – «Инсон қадри ва сифатли таълим йили», деб эълон қилинди. Янги йилга бундай ном берилиши, шубҳасиз, Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устувор вазифа эканлигини кўрсатади.

«Адолат» СДП Андижон вилоят кенгашида Мурожаатноманинг мазмун ва моҳиятини ўрганишга бағишлаб ўтказилган йиғилишда айни шу масалага эътибор қаратилди. Партия фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари илгари сурилган фикрларга ўз муносабатини билдириш билан бирга олдинда турган вазифаларни белгилаб олдилар.

Тўйдихон Алибоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси:

-Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси барчамиз учун дастуриламалга айланди. Уни қайта-қайта ўқиб чиқдик. Бугун фаоллар муҳокамаси жараёнида олдимизга қатор вазифаларни белгилаб олдик. Ҳаммаси долзарб, аҳамиятли. Айниқса, таълимга алоҳида эътибор қаратилгани барчамизни қувонтирди.

Таълим ҳақида, илмнинг қиймати, муаллимнинг обрўси ҳақида ибратли мулоҳазалар билдирилди. Жамиятга эътибор масаласи халқнинг эртаси, сифатли таълим билан боғлиқлиги кўрсатиб ўтилди. Мактабгача таълим, мактаб, ўрта-махсус ва олий таълим тизимли бўлиши, бир бирини тўлдирадиган, бойитадиган бўлиши кераклиги таъкидланди. Жуда ўринли. Кўп йиллик муаллимлик тажрибамдан келиб чиқиб буни қўллаб-қувватлайман. Агар ишни шу асосда ташкил этсак, албатта, кўзлаган мақсадимизга эришамиз.

Ўткирбек Арзиқулов, халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати:

-Мурожаатномада 2023 йилда бажарилиши лозим бўлган долзарб вазифалар кўрсатиб ўтилди. Жумладан, халқимиз саломатлигини янада яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилдики, бу биз тиббиётчи-«адолатчилар» зиммасидаги масъулиятни янада оширди. Туғруқхоналарга эътибор, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, чекка ҳудудларда тиббий хизмат сифатини оширилиши халқимиз саломатлигини янада яхшилайди. Бу борада биз жамоатчилик назорати тартибида жойларда амалга оширилаётган ишларни ўрганиб боришга қарор қилдик.

Тадбир якунида Мурожаатномадан келиб чиқиб амалдаги йилда бажариладиган ишларни режали олиб боришга қаратилган чора-тадбир ишлаб чиқилди.

«Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши

Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+