Мурувват, эътибор, эҳсон

29.06.2021 19:06:15

“Адолат” СДП Қуйи Чирчиқ тумани Кенгаши фаолларидан иборат ишчи гуруҳи ташаббуси билан партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида жойларда ҳар ҳафтада олиб бораётган юзма-юз мулоқотлари ўз самарасини бермоқда.

Партиянинг туман Кенгаши раиси З.Туробов,  депутат Э.Усмонов ва маҳалла раиси Г. Ўринбоевалардан иборат ишчи гуруҳ аъзолари жойларда фуқаролар хонадонида бўлиб, муаммолар, ечимини кутаётган масалаларни ижобий ечимини топишда фаоллик кўрсатмоқда.

Бу борада фаоллар тумандаги “Ойдинобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли билан юзма-юз суҳбатлар олиб бориб, уларнинг мурожаатларини ўрганишди.

Аҳоли билан мулоқотлар чоғида жойларда ечимини кутаётган кўплаб масалалар ижобий ҳал этилди. Жумладан, маҳалланинг Гулзор кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Шоҳида Неъматова  мурожати эшитилганда у кам таминланган, 3 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, боқувчиси йўқлиги маълум бўлди.

Шу боис, моддий ёрдамга муҳтожлигини билдиришди. Ушбу мурожаат юзасидан ишчи гуруҳ томонидан жойига борилиб ўрганиш жараёнида муаммо ўз тасдиғини топди. Шоҳида  мулоқот чоғида моддий ёрдамга муҳтожлигини айтиб,  унинг турмуш ўртоғи 4 йилдирки  ишлаш учун Россия давлатига кетиб, шу вақтгача оиласига пул жўнатмай дараксиз юргани, ҳозирда ёлғиз она сифатида фарзандлари билан шарт-шароити  йўқ, ижара уйда яшаб келаётгани  сабабли арзонроқ ижарага уй, шунингдек  ишсизлиги туфайли иш  кераклиги юзасидан кўмак сўради.

Ушбу мурожат юзасидан фуқаро Ш.Неъматовага амалий ёрдам кўрсатилиб,  унга  ижарага арзон уй-жой ҳамда “Ойдинобод” МФЙ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бўйича  ишга жойлаштирилди. Шунингдек, туҳфалар улашилди ва моддий ёрдамлар кўрсатилди.

– Кам таъминланган оилаларга кўмак бериш мақсадида биз ҳар ҳафтада бир кунни оилалар шароитини ўрганиб чиқишга ажратганмиз, – дейди депутат Э.Усмонов. –Ўрганиш ишлари якунида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалардан 10 нафарига бепул озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ишларини йўлга қўйдик. Хусусан, ушбу ҳафтанинг ичида ҳам 10 та кам таъминланган хонадонларга бориб, жами 300 кг. ун, 20 кг. гўшт маҳсулотлари ва яна 5 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини тадбиркорлар ва маҳалла фаоллари иштирокида топширдик. Шу билан бир қаторда уларга томорқадан унумли фойдаланиш борасида тушунтириш ишларини олиб боряпмиз.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+