Муштарак мақсадлар йўлида

23.07.2021 11:07:29

 

Жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида Президентимиз   ташаббуси билан “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида бўлиб ўтган олий даражали халқаро конференция қўшни давлатлар билан кўп асрлик ўзаро ишонч ва дўстлик, яқин қўшничилик қадриятларига асосланган ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш борасида юксак қадам бўлди.

40 дан ортиқ мамлакатлар ҳамда 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этган мазкур конференцияда жуда долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Халқаро анжуманда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу маърузаси нафақат конференция иштирокчилари, балки бутун дунё ҳамжамиятининг диққат марказида бўлди. 

Давлатимиз  раҳбари таъкидлаганидек, Марказий ва Жанубий Осиё азалдан бир-бирининг маданиятини бойитган. Буюк Ипак йўли ҳамда Ҳинд Ганг йўли орқали маҳсулотлар, билим, ҳунар ва қадриятлар тарқалган. Кўпинча бу минтақалар яхлит давлат таркибида ҳам бўлган. Бақтрия ва Кушон империяси, Турк ҳоқонлиги, Ғазнавийлар, Темурийлар ва Бобурийлар давлати бунга яққол мисолдир. Фақатгина  тарихий вазият тақозоси билан XIX асрда икки қўшни минтақанинг алоқалари узилиб қолди. Энди ўзаро ришталарни қайта боғлаш вақти етмоқда.

Дарҳақиқат, халқларимизнинг улкан тарихий, илмий, маданий-маърифий мероси ҳамда иқтисодиётларимизнинг ўзаро бир-бирини тўлдириш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, мавжуд интеллектуал салоҳиятни, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни ўзаро мувофиқлаштириш вақти келди.

Ўзбекистоннинг халқаро обрўси ҳамда Марказий Осиёда хавфсизлик  ва барқарорликни сақлашдаги роли кун сайин ошиб бормоқда. Тошкент конференциясида ҳам давлатимиз раҳбари Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўндан ортиқ таклифларни илгари сурди.

Минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш чора-тадбирлари ҳам давлатимиз раҳбари эътиборидан четда қолгани йўқ. Шунингдек, экологияни асраш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, Марказий ва Жанубий Осиёнинг туризм салоҳиятидан кенг фойдаланиш мақсадида Жаҳон сайёҳлик ташкилоти иштирокида минтақада туризмни янада ривожлантириш бўйича фикрлар алмашилди.

ЮНЕСКО шафелигида Термиз шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган халқаро форум ўтказиш таклифи  этилди. Давлатимиз раҳбари илм-фан, технология ва инновация соҳаларидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида аҳамият қаратди. Қўшма тадқиқот ва тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш, олим ва тадқиқотчилар учун енгиллаштирилган виза тартибини жорий қилиш муҳимлигини таъкидлади. “Адолат” СДП юқори даражадаги мазкур халқаро анжуманни  давлатлар ва халқларнинг умумий манфаатлари, минтақаларнинг муваффақиятли келажагини яратишнинг мустаҳкам пойдевори сифатида улуғ мақсад йўлидаги дадил қадам, деб ҳисоблайди.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф ва ғоялар минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ривожланиш, гуманитар масалалар ечимини топиш, барқарор ривожланиш, миллатлараро тотувлик, экологик барқарорликка эришиш, маданий ва маърифий ҳамкорликни таъминлашда туб ўзгаришлар даврини бошлаб беришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.  

 

Бобур МАМИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+