Янгиликлар 1961
Мусиқа – инсон қалбнинг қон томири
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Қибрай тумани Дўрмон Маданият саройида партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида “Умумтаълим мактабларида мусиқа дарсларини ўқитишнинг сифат ва самарадорлигини ошириш масалалари” мавзусида амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда Халқ депутатлари вилоят ҳамда туман ва шаҳарлар Кенгашлари депутатлари, вилоят, туман-шаҳар халқ таълими муассасалари масъул ходимлари, соҳа вакиллари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши депутати Дониёр Юсупов кириш сўзи билан очиб берар экан, мусиқа маданиятини ёшлар ҳаётидаги муҳим роли ҳақида тўхталиб, мусиқа санъатининг инсон тарбиясида муҳим ўрин тутиши, айниқса, ёшларни тарбиялашда кенг имкониятларга эга эканлиги борасида атрофлича фикр юритди.
Таъкидланганидек, мусиқа – миллат руҳининг тили, мусиқа – миллат ҳис-туйғуларининг таржимонидир. Шунинг учун фақат эстетик тарбияда эмас, ахлоқий, маънавий, руҳий, ҳаттоки, диний-илоҳий тарбияда мусиқанинг хизматлари беқиёсдир.
Шундан сўнг, 30-умумтаълим мактаби мусиқа фани ўқитувчиси Раъно Шарипова сўзга чиқди. У “Мусиқа таълимининг жорий ҳолати ва мавжуд муаммолар” ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
-Ушбу фанни ўқитишда узвийлик ва узлуксизликни таъминлаш орқали ўқувчиларда маданий қадриятларга асосланган ижодий ва шахсий фазилатлар шакллантирилиши лозим бўлсада, мазкур фан мазмуни ва ўқитилишида қуйидаги муаммолар мавжуд: мусиқа маданияти фанида ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини инобатга олиб, амалий фаолиятига етарлича вақт ажратилмаётганлиги ўқувчиларнинг индивидуал ижодий ривожланишини сусайтирмоқда; ижодий эркинликни таъминлаш мақсадида амалиётчи ўқитувчилар томонидан давлат таълим стандартлари (ДТС) асосида муқобил дарсликларни яратилиши ва улардан тажриба синов тарзида фойдаланишни йўлга қўйиш; айрим фанларга иқтисослаштирилган мактабларда мусиқа маданияти дарсларининг йиллик юкламаси 34 соатдан 17 соатга қисқарганлиги, ДТС талабларини тўлиқ бажарилишига тўсқинлик қилмоқда; аксарият умумтаълим мактаблари мусиқа маданияти фани учун зарур бўлган жиҳозлар ва чолғулар билан жиҳозланмаган; дарсликларда ўқув материалларини ўзлаштиришда ўқувчиларда билишга қизиқиш, иштиёқ ва майлни ҳосил қиладиган ўйин ва машқлар, арт-технологиялар ўз аксини топмаган; ўқувчиларни ўзаро ҳамкорликда ишлаш, мазкур фан бўйича машғулотларни шахсга йўналтирилган таълим тамойилларига асосланиб ўқитиш йўлга қўйилмаган.
Мусиқа – қалбнинг бош томири. Унинг таъсир кучи ҳар қандай таъсирлардан қудратлироқ.
Санъат, хусусан, мусиқа санъати ўзининг ёрқин ифодаланган хусусияти, ўқитилишининг кўпроқ индивидуал характерга эгалиги, ҳиссиётлар ва бадиий образлар дунёсига, инсоннинг маънавий-эстетик соҳаларига қаратилганлиги билан ажралиб туради.
Маълумки, мусиқа санъати аждодларимиз маънавий ҳаётининг маҳсули сифатида муҳим анъанавий мерослардан биридир. Шу боис Шарқ мутафаккирлари мусиқа санъатининг инсон камолотидаги ўрни ва аҳамиятига катта эътибор бердилар, ушбу соҳада махсус тадқиқотлар олиб бордилар ва инсоният учун ўлмас асарлар ёзиб қолдирдилар.
Ватанимиз мустақилликка эришган кундан эътиборан халқимизнинг маънавий-руҳий оламини янгилаш борасидаги мусиқа санъатининг аҳамияти давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу мерос Ўзбекистоннинг ривожланиш ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топар экан, Президентимиз “соҳа учун мутахассислар тайёрлаш, хусусан, янги даврга мос ўқув-методик ва илмий адабиётлар яратиш ва уларни таълим жараёнига татбиқ этиш, ўқув муассасаларини замонавий педагогик коммуникация воситалари билан таъминлаш, таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарур”, деб таъкидлайди.
Бир сўз билан айтганда тадбирнинг мақсади – ўсиб келаётган ёш авлодни маънан ва жисмонан бақувват қилиб тарбиялашда мусиқа маданияти дарсларини сифат ва самарадорлигини ошириш, уларнинг маънавий интеллектуал саломатлигини асраш, ўқувчиларда соғлом дунёқарашни шакллантиришдан муаммо ва ечимлари борасида фикр алмашиш, мушоҳада юритиш, илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Анжуман сўнгида муҳокама этилган барча масалалар ва билдирилган таклифлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Фотима САТТОРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг