Мустаҳкам оила жамият пойдевори

23.08.2022 14:08:02

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида оилага алоҳида эътибор билан ёндашилсада, кўпчилик давлатлар бош Қомусида биздаги каби «Оила» боби йўқ. Бу албатта, миллий давлатчилик тарихимиз, халқимизнинг азалий қадрият ва анъаналари билан бевосита боғлиқ.

Бош Қомусимизнинг мазкур бобида ҳар бир оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, унда никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини камолотга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш, меҳнатга лаёқатли бўлганларидан сўнг ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурликлари, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, амалдаги қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан сўзсиз муҳофаза қилиниши ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва бошқа қонун ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида ҳам бу каби қоида ва тартиблар қатъий белгилаб қўйилган ва уларга бекаму-кўст амал қилинади. Бунга айни пайтда барчамиз гувоҳ бўлиб, давлатимиз ва муҳтарам Президентимизнинг оилаларга бўлган катта ғамхўрлик ва эътиборидан баҳраманд бўлиб келяпмиз.

Мамлакатимизда Конституциявий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар энг аввало амалдаги қонунчилик асосларини жаҳон миқёсида содир бўлаётган ўзгаришларга, замон талабларига мослаштиришни талаб этмоқда. Чунки, сўнгги ўн йилликларда қайси давлатларда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган бўлса – ўша юртларда қонун устуворлиги таъминлангани, жамиятда жамоат назорати кучайгани, ижтимоий адолат тамойиллари самара берганини кўриш мумкин. Шунинг учун ҳам аҳолининг манфаатлари биринчи ўринга чиққан.

Амалдаги Конституцияга таклиф этилаётган ўзгаришларга асосан Конституциядаги 128 та модданинг роппа-роса ярми яъни 64 тасини ўзгартириш ва 6 та янги модда қўшиш таклиф этилиб, қонун лойиҳаси тайёрланди. Лойиҳада асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилмоқда.

Масалан, 63-модданинг амалдаги таҳрири қуйидагича бўлиб, “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади» деб аниқ тиниқ қилиб ёзиб қўйилган. Мазкур моддага яна қуйидаги қўшимчалар қўшилаяпти.Оила жамиятнинг табиий ва асосий бўғини, аҳолини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтириш негизи сифатида жамият ва давлатнинг алоҳида муҳофазаси остида бўлади.Никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратади Давлат кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди.

Умуман олганда, янги Конституциямизда оилалар фаровонлиги ва тинчлиги ҳамда мустаҳкамлиги учун бир қатор янги нормалар киритилиб, ҳаётга татбиқ этиляпти. Зеро, бу киритилаётган ўзгаришлар туфайли оилаларнинг ажралишлари кескин камаяди.

Дилрабо Чориева,

Ҳуқуқшунос,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+