Янгиликлар 854
Мустақил фикрлар ила навқирон ёшга етган истиқлол
30 йил... Бу мўъжаз фурсат ичра юртимиз ўзига хос синовли, машаққатли, шу билан бирга, шарафли йўлни босиб ўтди. Аслида истиқлол фақат байрам тантанаси эмас, у халқимизнинг ғурур-ифтихори, фахри ҳисобланади.
Айни шукуҳли дамларда улуғ мутафаккир Абу Наср Фаробийнинг “Фозил инсон ўз давлатининг барча қонун-қоидаларини яхши билиши ва унга амал қилиши, доно фикрлаши, ўз касбининг устаси, керак бўлганда Ватани учун ўз жонини фидо қилиши лозимдир” деган ҳикмати ёдимга тушди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон муаллифлигидаги залворли ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда. Бу ислоҳотлар натижасида қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари янада яхшиланмоқда.
Бир ҳақиқатни дилдан англадикки, ҳалқимиз матонатли, ҳар қандай машаққатли синовларни ҳам ўзининг мустаҳкам иродаси билан мардонавор енгиб ўтишга қодир.
Бугун Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдевори яратилмоқда. Айниқса, илм-маърифат, фан-таълим, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, тадбиркорлик, спорт ва ёшлар масаласига давлат аҳамиятига молик устувор йўналишлар сифатида катта эътибор қаратилмоқда.
Ҳурматли юртдошлар!
Бу йил юртимизда Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлашга "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик" шиори танлангани ҳам бежиз эмас. Зотан, ушбу ғоя ҳозирги даврдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига ҳамоҳангдир. Бинобарин, мустақил фикрли инсонгина ҳаёт неъматлари-ю меҳнат ютуқларини қўлга киритишга тайёр ҳамда лойиқ бўлади. Юрт мустақиллиги эса фаровон турмуш яратиш учун мустаҳкам ва ишончли замин ҳисобланади.
Ҳақиқатан ҳам қабул қилинаётган қатор қарор ва фармонлар мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш тарзини ҳар томонлама юқори босқичларга кўтариш учун хизмат қилиб келмоқда. Бу ислоҳотларнинг асл мақсади - халқни рози қилиш, оғирини енгиллаштириш, муаммоларни ҳал этиб, инсон қобилиятларини тўла-тўкис рўёбга чиқариш учун қулай ва кенг имкониятлар яратишга қаратилганини чуқур ҳис қилмоқдамиз.
Кейинги беш йилда қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 5 минг нафарга яқин маҳбуснинг жазони ўташ жойларидан озод этилганлиги мамлакатимизда инсон қадр-қимматини тиклаш борасида олиб борилаётган одилона сиёсатнинг ёрқин намунаси бўлди. Бу инсонпарварликнинг юксак чўққиси, тарбиянинг оқилона усулидир.
Мустақилликни асраб-авайлаш, унга муносиб бўлиш, ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарз эканлигини шу кеча-кундузда, айрим давлатлардаги нотинчликлардан хулоса чиқарган ҳолда, ҳар қачонгидан ҳам теранроқ англаяпмиз, ҳис этяпмиз.
Ўзбек адабиётшунос олими Озод Шарафиддинов “Ватан севгиси одамдан бир қарашда маҳобатли кўринмайдиган, инсоннинг оддий фаолиятидан кам фарқ қиладиган, аслида эса жуда машаққатли меҳнатдан иборат бўлган кундалик жасоратни талаб қилади” дея доно фикр билдирган бўлса, рус ёзувчиси Михаил Булгаков Ватанга “ўз иқтидоримизни намоён этиш майдони” дея таъриф беради. Бу маънодор нақлларга изоҳ шарт эмасдир.
Биз мана шу ёруғ кунлар учун жон фидо этган ота-боболаримиз ва 36 миллионга яқин юртдошларимиз ҳақи-ҳурмати, бизга умид ва ишонч кўзи билан боқиб турган, келажак-авлодимиз ҳисобланмиш фарзандларимиз, набираларимизнинг келажаги ҳақи – мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз!
Азиз юртдошлар! Барчангизни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик юбилейи билан “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ҳамда кўп минг сонли партиядошларимиз номидан муборакбод этамиз. Улуғ айём кунларида юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсонга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, қут-барака ва бахт-саодат тилаймиз.
Истиқлол ёши каби навқиронлик, озод юрт осмонидек мусаффолик ва мустаҳкам соғлиқ ҳаётингизнинг доимий ҳамроҳи бўлсин! Янги Ўзбекистон равнақи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларидаги фаол иштирокингизда битмас-туганмас куч-қувват тилайман!
Жондан азиз Ватанимиз ва хонадонларимиздан аҳил-иноқлик, тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, файзу барака ҳеч қачон аримасин! Тинч юртимизнинг мусаффо осмонида истиқлол қуёши доимо ёрқин порлаб, ўзининг заррин нурларини бутун олам узра мудом сочиб турсин!
Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
"Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг