Янгиликлар 514
Мустақиллик байрами муносабати билан 522 киши афв қилинди
Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олийжаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси яна бир бор намоён бўлди.
Байрам муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Бу давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарварлик ғояларининг ва гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида кўплаб оилаларга қувонч, шодлик ва умид олиб кирди.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 522 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 159 нафари асосий жазодан озод этилди, 303 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 60 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди.
Афв этилганларнинг 19 нафарини чет эл фуқаролари, 56 нафарини аёл, 25 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 233 нафарини ёшлар ҳамда 27 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича барча тадбирлар режалаштирилган.
Нима бўлганда ҳам, уларнинг ўз оиласи бағрига, фарзандлари олдига қайтгани ҳам бир бахт. Энг муҳими, давлатимиз томонидан афв этилган ҳамюртларимизнинг жамиятда муносиб ўрнини топиши учун ҳам алоҳида ғамхўрлик қилинаётганидир.
Ориф Шукуров,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг