Янгиликлар 618
Мустақиллик – бизнинг бахтимиз, ғуруримиз!
Давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги байрами арафасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгашида ташкил этилган давра суҳбати ана шундай номланди. Унда партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари ва фаол ёшларнинг вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбатида сўз олганлар мустақиллик, энг аввало, эркин яшаш ҳуқуқи экани, истиқлол берган имкониятлар, 33 йил давомида қўлга киритилган ютуқлар, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ошиб борганини таъкидладилар. Ўз ўрнида халқимизнинг дунёқараши, одамларнинг сиёсий онги ва тафаккури ўзгариб, фуқаролик позицияси тобора кучайиб бораётгани эътироф этилди.
– Бугунги фаровон ҳаётга ўз-ўзидан эришилгани йўқ,-дейди халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутати Насибахон Тўйчиева. – Бу халқимизнинг кўп йиллик орзуси, интилишларининг самараси. Бу йилги байрам тадбирлари “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Халқимизнинг бирлиги, янги Ўзбекистоннинг келажагини янада мустаҳкамлаш ҳар бир фуқаронинг қалб амрига айлангани катта маънога эга. Бундай юртнинг эртаси ҳам порлоқ бўлиши, шубҳасиз.
Суҳбат якунида доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш барчамизнинг фуқаролик бурчимиз эканлиги кўрсатиб ўтилди. Бу борада партия фаоллари доим жамоатчилик орасида тарғибот ишларини олиб боришга қарор қилдилар.
“Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг