“Мустақиллик улуғ неъмат”

16.08.2022 12:08:12

Бу йил Республикамизнинг мустақилликка эришганига 31 йил тўлади. Халқмиз неча йиллар давомида мустамлакачилар зулми остида, миллат шаъни, фикр ва дин, урфу-одатлар эркинлиги истагида бугунгидек дорил-омон кунларга эришиш илинжи билан яшади. Мана шундай буюк орзу йўлида катта бир авлод, қанчадан-қанча улуғ алломалар, миллатимиз ифтихорлари, ватанпарвар инсонлар армонда ўтдилар. Мустақилликдек улуғ неъматга эришиш, ҳурлик ҳавосидан нафас олиш йўлида курашган миллатимизнинг не-не хур фикрли зиёлилари осилдилар, қатағон этилдилар. Бироқ эрк ва озодлик жангчилари бундай машаққатли ва шарафли йўлда қурбон бўлишларини билсалар-да, миллатдошларининг, ватандошларининг онг-тафаккурини уйғотиш ва камол топтириш йўлидан заррача оғишмадилар.

Мустақилликнинг ўттиз бир йили давомида мамлакатимизда жуда катта ўзгаришлар амалга оширилди. Айниқса, сўнгги йилларда деярли ҳамма соҳаларда тарихий ислоҳотлар юз берди. Таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, иқтисодиёт тубдан янгиланди, миллий анъаналаримиз, урф-одатларимиз, миллий ҳунармандчилигимиздан тортиб, маънавий-маърифий, маданий ҳаётимизгача бўлган жабҳаларда миллий ўзига хослигимиз намоён бўла бошлади. Бир сўз билан айтганда умрини мустақиллик орзуси йўлида қурбон қилган ота-боболаримизнинг азалий орзу-истаклари рўёбга чиқди. Юртимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари сабаб, Ватанимиз кундан-кун янгича қиёфа касб этиб, янада гўзаллашиб, обод бўлиб бормоқда. Ёшларимизнинг спорт, маданият, таълим соҳаларида эришаётган ғалабалари боис, жаҳон ҳамжамияти орасида давлатимизнинг обрў-эътибори тобора юксалиб, довруқ қозониб бормоқда. Бундай дорил-омон кунлар учун ҳар қанча шукрона айтсак шунча кам.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш, ҳар бир юртдошимиз ҳаётига янгича мазмун, турмушига фаровонлик олиб кирмоқда. Барча соҳада қўлга киритилаётган муваффақиятлар биз танлаб олган тараққиёт йўли нақадар тўғри ва ишончли эканлигининг амалий тасдиғи сифатида намоён бўлмоқда.

Юртимиз мустақиллиги навқирон ўттиз бир ёшга тўлди. Озод юртга байрамлар ярашади. Қутлуғ айём билан барча юртдошларимизни муборакбод этамиз!

Ватанимиз фаровонлиги, элимиз тинчлиги абадий бўлсин!

Э. Комилов

“Адолат”СДП Марказий аппарати

бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+