Янгиликлар 4530
Мутасаддилар эътиборидан четда қолаётган муаммолар
Депутат ҳудудларда мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида ташриф буюрар экан, аҳоли манфаатлари йўлида хизмат қилиш унинг асосий вазифаси сифатида тилга олинади. Бугун жойларда ташкил этилаётган сайёр учрашувлардан асосий мақсад ҳам аҳоли мурожаатларини ижобий жиҳатдан ҳал этиб бериш ҳисобланади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутатлари ҳудудларда бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганишар экан, мурожаатлар эса уларнинг амалий ечимларига эътибор қаратиб келади. Аммо бир мурожаатни жойида ҳал этиш биргина депутатга боғлиқ эмаслиги, бу масала эса ҳамкор ташкилотлар кўмагида амалга оширилиши барча раҳбар-ходимларга кундек равшандир. Аммо баъзи мутасаддилар депутат сўровига нисбатан нотўғри жавобларни йўлласа, бошқалари эса олди-қочди “аниқ жавоблари” билан депутатни тинчлантиришга уринади. Баъзи бировлари эса умуман жавоб ҳам бермай, муаммони бориб ўрганишга ҳам уринмайди. Гўё депутат ўз муаммоси билан мурожаат қилиб, ташкилот ходимларини безовта қилаётгандек.
Депутатлардан бири Ориф Эгамов Бухоро шаҳридаги “Алишер Навоий” МФЙ ҳудудидаги “Мехтар амбар” кўчасида истиқомат қилувчи Нафиса Қодирова, Рейхан Ибрагимова ва Гулсара Қурбоновалар мурожаатларига асосан шаҳар Электр таъминотига жорий йил октябрь ойида сўров билан мурожаат қилган эди. Унда юқорида номи келтирилган кўчада айрим симёғочларнинг носоз ҳолда эканлиги, ёритиш чироқларининг йўқлиги тўғрисидаги муаммолар қайд этилганди.
Маълумки, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида муаммолар юзасидан ташкилотга йўлланган депутатлик сўровига ташкилот раҳбари ўн кун муддат ичида маълумот тақдим этиши лозим.
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”нинг 26 - “Бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” деб номланган бобининг 193-моддасида “Давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан депутатлар ҳамда сенаторлар олдидаги ўз вазифаларини бажармаслик, уларнинг ишига тўсқинлик қилиш, уларга атайлаб сохта маълумот бериш, депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини бузиш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” дея қайд этилган.
Бухоро шаҳар электр таъминоти мутасаддилари икки ҳуқуқий ҳужжатнинг моҳиятидан бехабар қолган чоғи, ўн кун, йигирма кун...хуллас, орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтибди ҳамки, депутатнинг сўровига на жавоб йўллашган ва на бориб ўрганишган.
Балким муаммони ҳал этиб берган-у, аммо депутат сўровига узрли сабабларга кўра жавоб йўллай олмаган дея, тахмин қилдик-да, тахминларга чек қўйиш мақсадида бевосита ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаро Гулсари Қурбонова билан боғландик:- Симёғоч масаласини неча маротаба билдириб ўтганмиз, партия ходимлари, депутатлари ҳам келиб ўрганишди, уларнинг ташкилотга тақдим этган мурожаатлари асосида ҳам ҳеч ким келиб ўрганманди, ҳал этиб бериш тугул. Наҳот бизнинг кўчадан кунига минглаб чет эллик меҳмонлар ўтишини билишмаса раҳбарлар, кўчаларимиз кечга қоронғу, фарзандларимиз, шаҳримиз меҳмонлари учун қийшайиб турган симёғоч хавфли вазиятларни юзага келтириш мумкин, - дея қайта ва қайта кўмак сўради.
Албатта, депутат сўрови халқ мурожаати асосида йўлланади. Аҳолининг муаммоси унда қайд этилган бўлади. Аммо эътиборсизлик қилиб қайсидир бахтсиз ҳодисанинг сабабчиси бўлмаслигимиз керак. Бу шунчаки кўз қири билан қараб, қўл силтаб кетадиган муаммо эмаски, халқ жон куйдирди, дардини бўлишди. Халққа кўмаклашиш депутат билан бирга ташкилот раҳбарларининг ҳам масъулияти экан, ҳар бир раҳбар-ходим масъулиятидан келиб чиққан ҳолда фаолият олиб борса, муаммолар ечими ўз-ўзидан ҳал этилади.
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг