Музработда “Адолат боғи” яратилди

07.12.2021 13:12:32

Айни кунларда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ўлкамизни  боғ-роғларга  айлантириш  ишлари қизғин  давом этмоқда.  Хусусан, ушбу эзгу ишларни қўллаб-қувватлаб яшил оламни сақлаш ва кўпайтириш мақсадида  Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан “Адолат” боғлари ташкил этиш  орқали “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этиш мақсад қилинди. Шунга асосан, ҳудудларда алоҳида ер майдонлари ажратилиб, мевали гул кўчатлари экилиб “Адолат” боғлари барпо этиляпти.

Жумладан,  Халқ депутатлари Музработ  туман Кенгаши депутатлари ташаббуси билан тумандаги 55-сон умумтаълим мактабидаги ажратилган ер майдонида “Адолат боғи” ташкил этилди.   Мазкур ажратилган ерда мактаб БПТ фаоллари ҳамда педагог-ўқитувчилар иштирокида 25 туп арча, 50 туп анор, 50 туп тут, 25 туп олхўри кўчатлари экилиб,  “Адолат боғи” яратилди.   

Сайёра Бердиева, Халқ депутатлари Музработ туман Кенгаши депутати:

-Халқимизда “Кўчат эк, боғ ярат” деган нақл бор.  Чунки экилган кўчатлар униб-ўсиб чиройли манзара ҳосил қилса ҳам кишининг дилини яйратиб, кўзларни қувонтиради, ҳам ҳавонинг софлигини таъминлайди. Шу кунларда юртимиздаги барча ташкилот, муассаса ва корхоналарда диёримизни бундан-да обод қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Ушбу эзгу ишда партиянинг Музработ туман Кенгаши, депутатлар, БПТ ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш, “Адолат боғи” яратиб яшил ҳудудга айлантиришга яқиндан кўмаклашиш орқали халқимизга хос эзгу фазилатларни юксалтириш, уларни ёшлар қалбига сингдириш ҳамда қишлоқ ва шаҳарларимизни, маҳаллалар ҳудудларини, аҳоли тураржойлари атрофини бундан-да кўркам кўринишга келтиришдан иборатдир. Бу эзгу ишда ҳар биримиз биттадан кўчат экканда ҳам, минглаб боғ ва гулзорлар барпо бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Ҳудудларда худди шундай “Адолат” боғларини яратиш орқали кўкаламзорлаштириш тадбирлари воҳамизнинг барча ҳудудларида изчил давом эттиришни мақсад қилганмиз.

Кўчат экиб, боғ яратиш — халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+