Наманган гул байрами арафасида

16.05.2022 11:05:15

Ҳар бир шаҳарнинг ўзига хос белгисига айланган анъана ва удумлари бўлади. Улар тобора ривожланиб борса, оммавийлиги ортади.  Бошқа юртлардаги инсонларни ҳам ўзига жалб этиши мумкин.  Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Намангандаги Гул байрамлари ана шундай рамзга айланди. Улар аҳолини, айниқса, ёшларни она-табиатга муҳаббат руҳида тарбиялашнинг муҳим воситаси вазифасини ҳам бажаради. Гўзаллик ва нафосатни қадрлашга ўргатади.

 - Кейинги йилларда эса мазкур байрамларнинг маълум ва машҳурлиги янада кенг миқёс касб этди, - дейди “Адолат” СДП Наманган вилояти Кенгаши раиси Исроилжон Жўраев. -  Эътиборли жиҳати – бу тадбир нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёдан сайёҳларни чорлайдиган бренд мақомини олди. Гулчилик аста-секин саноат негизида ривожлантирилиб, иқтисодий тармоқ сифатида шаклланмоқда. Олий ўқув юртларида шу соҳа бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. 

гул фестивал 1

Намангандаги Гул байрамлари эндиликда халқаро миқёсда ўтказиладиган бўлиб қолди. Уларнинг мазмун-мундарижаси бойитилиб, фестиваль шаклида ташкил этимоқда.

Айни вақтда Наманганда нафосат байрамига тайёргарлик тобора қизғин тус олмоқда. Бунда ҳаваскор гулчилар, корхона ва муассасалар, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллик кўрсатмоқдалар. Бобур номли маданият ва истироҳат боғи билан биргаликда шаҳарнинг кўплаб марказий   кўчалари ва хиёбонлари  гулларга бурканмоқда.

Бошқармамиз жамоаси ўтган йилги байрамда муваффақиятли қатнашиб, ғолиблар сафидан ўрин олган эди, - дейди вилоят Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Ниязов. - Бу гал ҳам гул ихлосмандлари эътиборига янги композиция ва кўргазмаларни ҳавола этамиз. Шу кунларда тадбирга пухта ҳозирлик кўрмоқдамиз.

гул фестивал3

Наманганда 61-маротаба  ўтадиган  Гуллар фестивалида Норин тумани  гулчилари ҳам  қатнашадилар. Улар Бобур номли боғда ўзлари учун ажратилган майдонда махсус экспозиция тайёрлаш билан банд. Унда туманнинг ўзига хос тимсоллари – Норин дарёси, боғ-роғлар ва гулзорлар акс этади. Бунинг учун шафран, сальвия, бегония,  баргитомоша, кактус,  эсмеральда, календула, кора ва кўк райҳон каби 20 дан ортиқ турдаги 100 минг туп гуллардан фойдаланилади. Тунги ёритиш тизими, сув чиқарувчи насослар ишлайди.

Шу кунларда Гуллар фестивалига тайёргарлик якуний босқичга кирди. 22 майда бошланиб, 5 июнгача давом этадиган байрамда   2 миллионга яқин  меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Барчангизни 61-Халқаро Гуллар фестивалига таклиф қиламиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилояти Кенгаши

матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+