Янгиликлар 1585
Наманган шаҳри таркибида янги туман ташкил этилди
Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг шу ҳақдаги қарори чиққан эди.
- Кейинги йилларда аҳоли нуфузи жиҳатидан республикада учинчи ўринни эгаллаб турган Наманганни ҳар томонлома ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш мамлакат раҳбариятининг диққат марказида турибди, - дейди “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Болтабоев. – Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани тараққий эттиришга йўналтирилган сармоялар миқдори ортиб бормоқда. Бу эса ўз-ўзидан бошқарувни такомиллаштиришни талаб этади. Ўтган йили Давлатобод тумани ташкил этилган эди. Энди эса шаҳар харитасида Янги Наманган пайдо бўлди.
Янгидан ташкил этиладиган туман ҳудудига 24 та маҳалла фуқаролари йиғини, 21 та умумтаълим мактаби, 40 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та тиббиёт муассасаси ва 12 та касалхона ўтказилди. Бу ерда иқтисодиётни ривожлантириш учун истиқболда 16 та саноат корхонаси барпо этиш режалаштирилган. Улар ишга туширилгач, индустриал салоҳият йилига камида 1 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.
Шунингдек, “Пахталикўл” кичик саноат зонасини кенгайтириш билан бирга “Ёшлик”, “Машад” ва “Бунёдкор” КСЗлари ташкил этилади. Уларда умумий қиймати 245 миллиард сўмлик 60 дан ортиқ истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Янги корхоналарда 2600 та иш ўрни яратиш режалаштирилган. Айни пайтда замонавий инфратузилма объектлари барпо этилиши аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига ва энг асосийси, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Ҳисоб-китобларга кўра янги туманнинг умумий ер майдони 8223 гектарни ташкил этади. Унинг ҳудуди шаҳарни кесиб ўтувчи Шимолий Фарғона каналининг ўнг соҳилидаги Чортоқ тумани чегарасидан Ғирвонсойгача бўлган майдонларни эгаллайди. Маълумотларга кўра бу ерда 145 минг киши истиқомат қилади.
Қисқаси, Наманган яқин йиллар ичида янада ривожланиб, мамлакатнинг йирик иқтисодий ва илмий-маданий марказларидан бирига айланади. Бунга янги туман аҳли ҳам муносиб ҳисса қўшади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг