Наманганда осойишталик посбонлари фаол бўлишди

06.12.2021 14:12:30

“Адолат” СДП ташаббуси билан беғараз донорлик акциясини ўтказиш яхши анъанага айланди. Бу сафар ушбу тадбир Халқаро ногиронлар куни ва Конституция байрамига бағишланди. Мазкур хайрли иш Наманганда ҳам   ҳам ўзининг кўплаб издошларини топаётганлиги диққатга сазовордир. Партия вилоят Кенгаши, фаоллар оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда тарғибот ишлари кенг йўлга қўйилганлиги донорлар сафи янада кенгайишига хизмат қилмоқда.

Вилоят қон қуйиш маркази Наманган шаҳрининг марказида, Бобур шоҳкўчасида жойлашган. Бу ерга келиб-кетиш жуда қулай. Шунинг учунми, соат тўққиз бўлмасданоқ муассаса ҳовлиси одамлар билан гавжум бўла бошлади. У байрамона безатилган, қиш бўлишига қарамай қуёш ўз нурини сочиб тургани кайфиятни кўтаради. Чор атрофда “Бор меҳримиз сенга, болажон!” акциясига бағишланган тарғибот воситаларини кўриш мумкин.

“Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгашининг раиси Мирзараҳмат Олимов марказга биринчилар қатори етиб келди. Чунки у ўзи таклиф қилган олийҳиммат инсонларни кутиб олиши ҳам керак. Одам кўпайиб кетса, уларнинг дам олиб туришлари учун шароит яратиб қўйиш керак. Бу борада қон қуйиш марказининг раҳбарлари ёрдам кўрсатишди.

Шаҳарлик “адолат”чиларнинг етакчиси қон топширишда шахсан намуна кўрсатишга аҳд қилган эди. Шунинг учун акциянинг илк қатнашчисига айланди. Ундан бошқа партиядошларимиз ҳам ўрнак олдилар. Тез орада жонли навбат ҳосил бўлди. Яхшики, донорларни қабул қилишга олдиндан пухта тайёргарлик кўрилгани. Тиббиёт ходимлари жадал ва серунум ишладилар.

– Биз тарғибот ишларини кенг йўлга қўйганимиз учун беғараз қон топширадиганлар кўп бўлишини кутгандик, - дейди вилоят партия кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. – Аммо донолар оқими ундан ҳам зиёда бўлди. Тушгача қарийб юз киши қон топширди. Ҳозиргача бундай натижага эришилмаган эди.

Бундай юқори натижада қатор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги яхши самара берди. Айниқча, ҳуқуқ-тартибот органларининг ходимлари фаоллик кўрсатдилар. Ички ишлар бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси, Прокуратура ходимлари кўпчиликка намуна бўлдилар. Масалан, Ички ишлар бошқармасидан Бобур Исамуҳаммедов, Ойбек Саримсоқов, Мираббос Шербоев, Лутфулла Холиқов биринчилардан бўлиб қон топширдилар.

Биз тушликдан кейин қон қуйиш маркази билан телефон орқали боғландик. Муассаса раҳбари Зокиржон Ҳожимирзаевнинг айтишига қараганда, донорлар оқими тўхтагани йўқ. Тиббиёт ходимлари жадал суръатда ишни давом эттирмоқдалар.

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+