Наманганда тест синовлари қандай ўтмоқда?

07.09.2020 15:09:17

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда олий таълим муассасаларида ўқиб, юқори малакали мутахассис бўлиб етишишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган йигит-қизлар сафи тобора кенгайиб бораётгани диққатга сазовордир. Бу, бир томондан ёшларга оид давлат сиёсатининг натижаси, қолаверса, навқирон авлод вакилларининг замонавий билимларни эгаллашга интилиши  кучайиб бормоқда, деб тушуниш лозим, албатта.

Мана, бу йил ҳам коронавирус пандемияси авж олганига қарамай, талабалик мақомига эришишни истаганлар ҳар қачонгидан кўп. Наманган вилояти мисолида айрим рақамларни келтирамиз. Бу йил талабаликни орзу қилиб ҳужжат топширганлар сони салкам 90 мингни ташкил этмоқда. Айни вақтда бу ерда учта олий ўқув юрти фаолият кўрсатмоқда. Булар университет ҳамда муҳандислик-қурилиш ва муҳандислик-технология институтларидир.

Биргина муҳандислик-технология институтида ўқиш учун 11,5 минг нафардан зиёд йигит-қиз ҳужжат топширган. Улардан 2000 киши кундузги ва сиртқи бўлимларга қабул қилинади. Таҳсил йўналишлари эса 30 тани ташкил этмоқда.

- Шу кунларда абитуриентлар учун қизғин палла авжида, - дейди ушбу институт ахборот хизмати раҳбари Оқил Дадабоев. - Улар учун “Навбаҳор-Умид” стадионида барча шарт-шароитлар яратилган. Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларда  камералар,  идентификация воситалари, видеотасвирга олиш қурилмалари ўрнатилган. Жараённи назорат қилиб туриш учун малакали мутахассислар танлаб олинган. Шунингдек, санитария-эпидемиология осойишталик  маркази, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, Миллий гвардия, тегишли хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари ҳам жалб этилган.

Фақат бугина эмас. Стадионларда тест синовларини мувофиқлаштириш штаби,  тез тиббий ёрдам хонаси ишлаб турибди. Етарли миқдорда қадоқланган сув, тиббий  ниқоблар, қўлқоплар заҳираси мавжуд. Қисқаси, тест синовларини юқори даражада ташкил этиш учун ҳамма чора-тадбирлар кўрилган. Бундан абитуриентлар ҳам ниҳоятда мамнун.

- Мен бу йил касб-ҳунар коллежини тамомладим - дейди Наманган шаҳрида яшовчи Азизбек Орифжонов. - Имкониятдан фойдаланиб, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича бешта олий ўқув юртига ҳужжат топширдим. Куни кеча тест синовларидан ўтдим, назаримда, саволларнинг аксариятига тўғри жавоб бердим. Энди натижани кутаман!

Мазкур олий ўқув юртида бўлганимизда, “Адолат” СДП фахрийси, институт профессори, техника фанлари доктори Ҳамид ака Аҳмадхўжаев билан суҳбатлашиб қолдик. Унинг айтишига қараганда, бу ерда ижодий имтихонлар ҳам шаффоф тарзда ўтказилди. Институт ҳовлисида касбий (ижодий) имтихон ўтказилаётган жой атрофига 6 та камера ўрнатилиб, жараёнлар институт сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри кўрсатиб борилди. Имтихон жараёнларини Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Файзулло Кабилов бошчилигидаги профессор-ўқитувчиларидан иборат баҳолаш комиссияси аъзолари, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатлари,  Ёшлар ишлари  агентлиги  вакиллари  ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кузатиб бордилар.  

                                                                           Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат”  СДП Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+